8389.97 USD +11.93

9491.57 EUR +3.44

129.72 RUB +0.63

11082.3 GBP -51.27

21:15 / 06.02.2018 28957

Энг катта автомобиль тирбандликларига эга шаҳарлар рўйхати эълон қилинди

Фото: Михаил Терещенко/ТАСС

Лос-Анжелес, Москва ва Нью-Йорк энг катта автомобиль тирбандликларига эга шаҳарлар ҳисобланади. Бундай хулоса йўл ҳаракати ташкиллаштирилиши масалалари билан шуғулланувчи INRIX халқаро компаниясининг 2017 йил якунлари бўйича тайёрлаган янги ҳисоботида келтирилган. Аввалги ҳисоботда ҳам етакчи учталик шундай кўринишда бўлган.

Жорий ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йил давомида Лос-Анжелесда ҳайдовчилар ўртача ҳисобда тиғиз вақтдаги тирбандликларда 102 соат, Москва ва Нью-Йоркда 91 соатдан вақт ўтказишган. Москванинг 2016 йилги кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолган, АҚШнинг энг йирик шаҳри Нью-Йоркда эса вазият бироз ёмонлашган, ўтган йил бу кўрсаткич 89 соатни ташкил қилган.  

Автомобиллар ҳаракати нуқтаи назаридан энг нобоп шаҳарлар етакчи ўнталигидан шунингдек Сан-Паулу, Сан-Франциско, Богота, Лондон, Атланта, Париж ва Майами ҳам жой олган. Жорий рўйхат таркиби 2016 йилдаги рўйхатникига нисбатан ўзгармаган, фақатгина шаҳарлар ўринлари алмашган. 

Мутахассисларнинг айтишича, йўллардаги тирбандликлар турли давлатлар иқтисодиётига миллиардлаб доллар зиён келтиради. Мисол учун, АҚШда ҳайдовчилар йўллардаги тирбандликлар сабабли 2017 йилда 305 млрд доллар зиён кўришган.

Шунингдек, ушбу кўрсаткич бўйича давлатлар рейтинги ҳам тузилди. Рўйхатга кўра, етакчи ўринларни Таиланд, Индонезия ва Колумбия эгаллаган. 2017 йилда бу давлатларда ҳайдовчилар тирбандликларда, мос равишда, ўртача 56, 51 ва 49 соат ўтказишган. Бу давлатлар ортидан Венесуэла, Россия, АҚШ, Бразилия, ЖАР, Туркия ва Буюк Британия келмоқда.

INRIX ходимлари ҳисоботни тайёрлашда 5 та қитъадаги 38 та давлатда жойлашган 1360 та шаҳар йўлларидаги вазиятни таҳлил қилишган. Бироқ бу шаҳарлар орасига Япония ва Хитой шаҳарлари киритилмаган, чунки компания бу давлатларда ўз тадқиқотларини ўтказмайди. Акс ҳолда рўйхат бошқача кўриниш олиши ҳам мумкин бўларди.

Top