Ўзбекистон Республикаси Марказий Банк расмий сайтида Пул-кредит сиёсати соҳасида 2017 йилнинг IV чорагида амалга оширилган ишлар якунлари эълон қилинди.

2017 йилнинг IV чорагида қатъий пул-кредит сиёсатининг давом эттирилиши ва монетар омилларнинг нархлар ўсишига таъсирини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларга қарамай иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2017 йилда истеъмол нархлари индекси (ИНИ) бўйича ҳисобланган инфляция даражаси 14,4 фоизни, 2017 йилнинг IV чорагида эса 6,1 фоизни ташкил этди. Бунда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 15,9 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотлари — 16,1 фоиз ва хизматлар — 8,6 фоизга ошди.

Истеъмол нархлари индекси таркибида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиш суръатларида олдинги йилларга нисбатан номутаносиб равишда тезлашув кузатилди.

Хизматлар нархлари ва тарифлари ўсиш суръатлари 2017 йилнинг II ва III чоракларга (2,4 ва 3,1 фоиз) нисбатан секинлашиб IV чоракда 1,5 фоизни ташкил этди.

Фото: cbu.uz

2017 йилнинг ноябрь ойида бензин ва электр энергияси нархларининг оширилиши йилнинг IV чорагида инфляция даражаси ўсишига таъсир кўрсатган омиллардан бўлди.

Шу билан бирга, ўтказилган сўровларга кўра, 2017 йилнинг декабрь ойида иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар миқдорини оширилиши туфайли инфляцион кутилмаларнинг ортиши ҳам иқтисодиётдаги истеъмол нархлари ўзгаришига ўз таъсирини кўрсатди.

Истеъмол нархлари динамикасининг ойлар кесимидаги таҳлили 2017 йил давомида инфляция даражасига озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши энг кўп таъсир этганлигини кўрсатмоқда.

Фото: cbu.uz

Иқтисодиётда 2016-2017 йиллар давомида нархлар ўзгариши таҳлили ички нархлар ўсишига монетар омиллар билан бир қаторда номонетар омилларнинг таъсири мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, 2017 йилнинг ёз ойларида озиқ-овқат нархларининг мавсумий пасайиши 2016 йилга нисбатан сезиларли даражада паст бўлган бўлса, 2017 йилнинг куз-қиш мавсумидаги ўсиш суръатлари 2016 йил кўрсатгичларидан анча юқори бўлди.

Шунингдек, 2017 йилда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг 2016 йилга нисбатан номутаносиб ўсиши кузатилди. Хусусан, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиш суръатлари 2016 йилда 10,1 фоиздан 2017 йилда 16,1 фоизгача тезлашган бўлса, озиқ-овқат маҳсулотлари — 0,3 фоиздан 15,9 фоизгача ошди.

Нархларнинг сезиларли ўсиши гўшт маҳсулотлари, тухум, шакар, сут, ўсимлик ёғлари ҳамда мева ва сабзавот маҳсулотлари (олма ва нок, помидор, бодринг, картошка ва бошқалар) ҳисобига тўғри келди.

Ноозиқ-овқат истеъмол маҳсулотларидан қурилиш материаллари, шахсий гигиена маҳсулотлари, кийим-кечак ва пойабзал нархларининг ўсганлигини қайд этиш мумкин.

Ички истеъмол бозоридаги нархлар ўсишига номонетар омилларнинг таъсири, ташқи савдонинг эркинлаштирилиши натижасида ички нархларнинг қўшни давлатлардаги нархлар даражасигача ўсиши, маҳсулотларни импорт қилишда суст рақобат муҳити ҳамда қурилиш маҳсулотларига бўлган ички талабнинг ошиб бориши билан изоҳланади.