Тошкент вилояти Бекобод туманига навбатдаги сафаримиз фермерлар муаммосини ўрганиш билан ўтди. Бизга мурожаат қилган “Абдулла Мадина Файз” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси билан учрашиб, муаммо юзасидан туман ҳокимлигига борганимизда, бизнинг журналист эканимизни билган қатор фермерлар ўзлари дуч келаётган муаммоларни санаб кетишди. 

Даставвал, “Бобур” жамоа хўжалигида “Хидирали Омон” фермер хўжалигини ташкил этиб, 3 гектар ерни боғ қилган Ҳабибулло Аҳмадқуловни тингладик. 

“Рустам Холматов ҳоким бўлган вақтда Бекобод тумани “Бобур” жамоа хўжалигидан 3 гектар ер сўрадим боғдорчилик учун. Икки фарзандим бор, шулар Россияга кетмасин, ёнимда бўлсин деган мақсадда. 2017 йил 3 январда ариза ёздим. Ўша вақтдаги вилоят ҳокими ҳам келиб, тез ўзларинг харажат қилиб, экаверинглар, бир ойда қарорни чиқариб берамиз, дейишди. Энди ҳоким деган гап бор, биз ишондик”, - дейди Ҳабибулло ака. 

Тендерда иштирок этиш учун талаб қилинган маблағлар ҳисоб рақамига қўйилган. Март ойида эълон қилинган тендер ўтказилгач, Ҳабибулло ака ва у билан бирга ер олган яна 13 кишига шошилинч тарзда кўчат ўтказиш буюрилган. 

“Шундан сўнг, 93 га кирган отамнинг жамғариб қўйган 8 млн сўмини, яна 10 млн сўм қўшиб кўчат сотиб олиб экдим. Бошимизда туриб, тезлаштиришди ва 5 кунда 1750 туп кўчат ўтқаздик, -деди Ҳабибулло ака. – Президент келади деб, йўл ёқаларига арча кўчатлари ҳам эктиришди. Аммо ҳужжатдан дарак йўқ. Қизиғи шундаки, сентябрь ойида яна тендер бўлиб ўтди, яна биз ғолиб бўлдик. Бироқ бу сафар сабзавотчиликка ихтисослаштиришди. Шунча экилган кўчатларни нима қиламан, харажатларимни ким қоплаб беради? Яна бошқа ҳоким келса, сабзавотчиликни яна боғдорчиликка айлантиришадими? Ҳозиргача, шунақа сарчончилик. Қарор чиқариб беринглар, деб келаман, қарордан дарак йўқ. Яхшиси шу ерини қайтариб олишсин-да, кўчат харид қилишга сарфлаган пулларимни қайтариб беришсин”.

“Етти ойда 3 марта ҳоким алмашди, ҳар бири ўзининг қарорини чиқариши керакми?- дея суҳбатга аралашади иккинчи фермер. Ўша вақтда ҳоким Рустам Холматов бошимизда туриб, кўчат ораларини 4 метрдан ўлчаб эктирди. Энди ҳужжатга келганда нега чўзаяпсизлар? Қўлимизда ҳокимнинг ердан фойдаланишга доир қарори бўлмаганидан кейин кўчатларни биз экканимизни исботлай олмаймиз-да. Мана бир аёл келяпти, қўлингда қароринг йўқми, ерни бўшат, кўчатларингни олиб чиқиб кет, мен қарор чиқартириб оламан, демоқда. Экишга эктирди, қарор беришни нега пайсалга солишади?”

Бекобод туманидаги пахта уруғчилигига ихтисослашган “Боқиева Назира” фермер хўжалиги раҳбари Назира Боқиева ҳам ўзи дуч келаётган муаммоларини сўзлаб, суҳбатга қўшилди. Опанинг айтишича, у 21 йилдан буён фермерлик билан шуғулланиб келади, меҳнатининг ортидан нафақат туманда, балки вилоятда “темир хотин” дея донг чиқарган. Унинг сўзларига кўра, икки йилдан буён пахтасини уруғчиликка қабул қилишмаяпти, ёқилғи-мойлаш маҳсулотларини харид қилиш масаласида ҳам муаммоларга дуч келмоқда. Солиқдан қарзинг бор, деб машиналарини олиб қўйишмоқда. 

Биз муаммолар гирдобидан чиқиб, туман ҳокими Отабек Исроиловнинг фикр ва изоҳларини билиш учун у билан суҳбатлашдик. 

“Бекобод туманида 150 минг киши истиқомат қилади. 40 минг гектар экин майдонларимиз бор. Унда жами 928 нафар фермер фаолият юритади. Шундан 627 киши пахта-ғалла йўналишида. Ўтган йили улар 5 млрд сўм зарар кўрди. Бундан ташқари, ўзимиз қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туман бўлсак-да, туман ижтимоий эҳтиёжлари учун мева-чевани Тошкент шаҳридан олиб келишимизни қандай изоҳлаш мумкин. Яна шуни айтишим керак, тумандаги 1 200 гектардаги боғдорчилик хўжаликлари нотўғри ташкил этилган. Улар барчаси бузилади. Чунки, ҳукумат қарори билан интенсив боғлардан ташқари боғдорчилик қилиш мумкин эмас”, - дея масалага ойдинлик киритади Отабек Исроилов. 

Шу ўринда масалани ўрганган киши сифатида баъзи фикрларни билдирсам. Хўп, ҳукумат қарори билан интенсив боғдан бошқаси мумкин эмас экан, нега аввалги ҳоким бу нарсани эътиборга олмаган? Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Рустам Холматов президент келишидан аввал шоша-пиша, натижа кўрсатиш илинжида, хўжакўрсинга фермерларга кўчат эктирган. Акс ҳолда, янги ҳоким ушбу боғдорчилик хўжаликлари нотўғри ташкил этилган, деган даъво қилиш ўрнига фермерларга ердан фойдаланиш учун қарорни чиқариб бериб, ғавғодан қутулиб қўя қоларди. Яна ким билсин, фермерлар айтганидек, балки бошқа бир ҳоким келиб, сизларнинг жойларинг сабзавот эмас, боғдорчилик бўлиши керак экан, дея кўчат эктирар?!

Кишини бир нарса қийнайди: қачонгача натижа ортидан қувиб, хўжакўрсинга иш юритамиз? Бюрократиядан қачон қутуламиз? Қачонгача, кимнингдир хатосини бошқамиз тузатамиз? Қачонгача, натижага эришгани борасида кўзбўямачилик қилган кишининг хатосидан бошқалар азият чекади? Бир ҳоким хато қилиб, бошқа туманга кетиши билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолаверадими? Дардини яна оддий халқ тортиши қанчалик адолатли? Умуман, бу каби нуқсонларни кимдир текширадими, ўзи? 

Толиб Раҳматов