00:30 / 14.04.2018
6451
Туркия Афғонистонда 1500 ўқувчига мўлжалланган таълим муассасаси қуриб берди

Туркиянинг Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Афғонистон пойтахти Кобулда янги таълим муассасаси қурилиши лойиҳасини амалга оширди.

Турк агентлиги саъй-ҳаракатлари билан Афғонистон таълим вазирлиги балансида турган омбор 1500 ўқувчи ўқийдиган қизлар техникумига айлантирилган.

Таъкидланишича, янги таълим муассасасида 22 та синфхона мавжуд.

Фото: Star Gazetesi

Техникумнинг очилишида Афғонистон ижроия ҳокимиятининг раҳбари Абдуллоҳ Абдуллоҳ, таълим вазири Мирвоис Балҳи, Туркиянинг Кобулдаги элчиси Оузхон Эртугрул, таълим масалалари бўйича маслаҳатчи Атакан Доган, TİKA’нинг Кобулдаги офиси вакиллари ва ўқувчилар иштирок этишган.

Абдуллоҳ Абдуллоҳ Туркияга Афғонистонни мустаҳкамлашдаги ёрдами учун миннатдорлик билдирган ва Анқара мамлакат таълим соҳасини ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшаётганини таъкидлаб ўтган.

Абдуллоҳнинг айтишича, террорчилик ташкилотлари таълим тизими аҳамиятини англамай, мактабларни вайронага айлантиради.

Абдуллоҳ мамлакатда аёллар таълим олишига салбий қарайдиган одамлар ҳамон борлигини, бироқ аёлларсиз мамлакатни ривожлантириб бўлмаслигини таъкидлаб ўтган.

Top