8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

15:45 / 11.06.2018 7542

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси йил бошидан бери қанчага тенг бўлгани айтилди 

Фото: vtsgroupcompany.ru

Республикада ташқи савдо айланмаси 2018 йил январь-май ойларида 14,7 млрд. АҚШ долларини, шу жумладан экспорт 6,5 млрд. АҚШ долларини ва импорт 8,2 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди. Ташқи савдо айланмаси салдоси минус 1,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда. 

Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 64,3%га ўсиши табиий газнинг 1,8 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар эса 2,6%га ўсди, шундан пластмасса ва пластмасса буюмларининг экспорти 18,5%га ошди.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,8%га ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг 60,9%га ўсишига олиб келди.

Импорт таркибида асосий улуш машина ва асбоб-ускуналар (умумий импорт ҳажмида 33,7%) ва кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (11,5%) ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт таркибининг умумий ҳажмидан 29,8%ни хизматлар ташкил қилади, бунда транспорт хизматлари 10,4%ни ва сафарлар 17,6%ни ташкил қилади.

2018 йил январь-май ойларида ташқи савдо айланмаси салдоси минус 1731,8 млн. АҚШ долларни ташкил қилди, шундан МДҲ давлатлари билан минус 887,6 млн. АҚШ долларни ва бошқа давлатлар билан минус 844,2 млн. АҚШ долларни ташкил этди.

МДҲ давлатлари орасида Россия, Қозоғистон, Беларусь, Украина, Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ташқи савдо айланмасида асосий ҳамкорлар ҳисобланиб, уларнинг жами ташқи савдо айланмасидаги улуши 27,5%ни ташкил қилди, бошқа давлатлар орасида Хитой, Туркия, Корея Республикаси, Афғонистон, Германия, Латвия, Эрон, Франция давлатлари ҳисобланиб, уларнинг улуши 32,1%ни ташкил қилмоқда.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт хажми 305,4 млн. АҚШ долларини ташкил қилди, ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 73,8%га ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмида 40,6%ни мева ва резаворлар (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 мартага ўсди), 49,0%ни сабзавотлар (58,9%га), 7,5%ни узум (0,4%га камайди) ташкил қилади. 

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида асосий ҳамкор давлатлар Қозоғистон (умумий ҳажмдан 47.4,4%), Россия (13,4%), Афғонистон (7,7%), Қирғизистон (7,3%), Хитой (4,7 %), Ветнам (4,4%), Туркия (3,0%), Покистон (2,0%) ва Эрон (1,3%) ҳисобланади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг физик ҳажми 434,5 минг тоннани ташкил қилди, ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 88,7%га ошди. Жами мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг физик ҳажмида 59,4 минг тоннани мева ва резаворлар (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39,4%га ўсди), 338,9 минг тоннани сабзавотлар (2,2 мартага), 25,5 минг тоннани узум (16,0%га камайди), 9,9 минг тоннани ер ёнғоқ (5,5 мартага), 772,2 тоннани янги узилган қовун ва тарвуз (11,4 мартага) ташкил қилди.

2018 йил январь-май ойлари якуни бўйича тўқимачилик маҳсулотлари экспорти умумий экспорт ҳажмида 8,3%ни ташкил қилди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорт хажми 536,5 млн. АҚШ долларини ташкил қилди ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,3 фоизга ошди.

Top