8312.64 USD -2.21

9456.46 EUR +48.21

125.22 RUB +1.37

10578.7 GBP -23.60

15:40 / 14.06.2018 17602

Тошкент шаҳар ҳокими билан блиц-интервью - Қудратхўжаев-Ортиқхўжаев

Халқаро Пресс-клубнинг "Тошкент: ақлли, обод ва севимли шаҳар учун умумий ҳаракатлар режаси" мавзусидаги сессияси аввалида бошловчи Шерзодхон Қудратхўжаев пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни халққа яқинроқ танитиш мақсадида қизиқарли блиц-интервью ўтказиш ташаббусини билдирди. Тадбирда қатнашган KUN.UZ мухбири ушбу блиц-интервью билан бўлишди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

- Сиз учун иш вақти соат нечада бошланади ва ишни нимадан бошлайсиз?

- Ҳозирги кунда иш вақтимиз эрталаб соат 7:00 дан бошланади. Ишни уйдан то ишхонага келгунга қадар йўлни кузатишдан бошлайман. Кечаси вазиятга қараб соат 12:00-1:00 да қайтамиз. Шу ҳам бироз камлик қилмоқда, вақт етмаяпти.

- Тошкент шаҳрининг қайси кўчалари сизга кўпроқ ёқади?

- Амир Темур кўчаси.

- Кўпчилик қизиқяпти - сиз ҳокимликка қадар катта ишбилармон бўлгансиз, шу бизнесда қолдингизми ёки ундан четлашдингизми?

- Албатта, бизнесдан четлашдим. Бизнес юритиш ниятим бор, бироқ бу бизнес ҳокимликни фақат пул сарфловчи эмас, пул топувчи органга айлантиришга қаратилади. Ана шу даромадларни халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиш ниятим бор.

- Imzo, Akfa, Artel маҳсулотлари Тошкент шаҳридаги қурилишларда ишлашга қаратилган тендерларда қандайдир имтиёзларга эга бўладими ёки йўқми?

- Аввал ҳам бундай ишлар билан шуғулланмаганмиз, бундан кейин ҳам шуғулланмаймиз. Бу халқнинг эътиборига ҳавола. Агар маҳсулот сифати талабга жавоб берса, рақобатбардош бўлса, олишлари мумкин, албатта. Агар сифатсиз ёки бирор нуқсони бўлса, халқнинг ихтиёрига ҳавола этилади. Мен бундай нарсаларга қаршиман.

- Тадбиркор сифатида ишни нимадан бошлагансиз?

- Сартарошхона ва пойабзал тузатувчи кичик ширкат очганман. 17 ёшимдан тадбиркорликни бошлаганман.

- Устозингиз ким?

- Халқимиз. Халқ тажрибасининг ўзи - устоз.

- Хоббингиз борми ва унга қандай вақт топасиз?

- Халққа хизмат қилиш ва одамларга фойдам тегиши. Шунинг устида қанча иш, қанча меҳнат керак бўлса, қиламиз. Балиқ тутиш, спорт, ортиқча жойларга боришдек хобби йўқ, бунга вақт ҳам, тажриба ҳам йўқ.

- Китоб ўқийсизми? Охирги марта мутолаа қилган китобингиз қайси?

- Албатта. Охирги марта ўқиган китобим - Рашид Ал-Мактумнинг "My Vision" ("Менинг қарашларим") китоби.  

Фото: Халқаро Пресс-клуб

- Ишхонангиздаги хонангизда ва уйингизда кимларнинг суратлари жойлашган?

- Ишхонамда муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг суратлари жойлашган. Уйимда - оиламнинг сурати.

- Жамоангизда кимлар бўлишини хоҳлардингиз?

- Ҳокимларга маслаҳат берувчилар кўп бўлар экан. Олдин ҳам бўларди, бу ерга ишга ўтиб ҳам шуни кўрдим. Мен ҳам маслаҳат бериб, ҳам ўша маслаҳат ғояси устида ўзи ишлайдиган, ўзи амалга оширадиган одамларнинг жамоамда бўлишини хоҳлайман. Фақат маслаҳат берувчимас, шу маслаҳатларни берган одамлар жамоага қўшилиб, ғояни амалга оширишда елкама-елка туриб, меҳнати маҳсулидан ўзи хурсанд бўлишини истардим. Жамоамда шундай кишилар бўлади, деб умид қиламан.

- Сиз учун бойлик тушунчаси нима? Қандай одамларни бой деб ҳисоблайсиз?

- Ўз оиласидан, ўз хоҳишидан, атрофидагиларидан орттириб, бошқа одамларга ҳам фойдаси тегадиган одамни асл бой одам деб ҳисоблайман. Фақат ўзидан ортмаган одам ҳар қанча пули кўп бўлмасин, бой ҳисобланмайди.

- Интернетда бўласизми, уни кузатасизми?

- Албатта, бу ҳаётимнинг бир бўлаги дейиш мумкин.

- Фарзандларингизга, оилангизга қанчалик вақт ажрата оласиз?

- Имкон даражасида оиламга вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Кечаси уйга қайтганидан кейин 1:00-7:00 оралиғида ва дам олиш кунлари.

- Тошкент шаҳар ҳокими лавозимидаги биринчи кунингизда ишни нимадан бошлашни лозим деб топдингиз?

-  Иш бошлаганимга оз вақт бўлди. Тизим билан танишишдан бошлаганман. Бизнес билан ҳокимият тизими умуман бошқачалигига гувоҳ бўлдим. Одамлар билан танишишдан, қандай қилса, тезроқ ўзгариш қилиш мумкинлиги устида ишлашдан бошладим. Муаммоларни тезроқ бартараф этишни ўргана бошладим. Бу мен учун янги тизим, янги ҳаёт. Қўлдан келганча ҳаракат қиляпман.

- Пойтахт олдида турган, ечилиши лозим бўлган топ-10 муаммолар рўйхати борми?

- Муаммо 10 та эмас, 10 мингта десам ҳам бўлади. Асосий  муаммо - пойтахтнинг бош режаси йўқлигида. Бу келажакда қилинадиган ишларга, ривожланишга тўсқинлик қилади. Тошкент шаҳрининг узоқ ва яқин стратегияси йўқ, яъни 10 йилдан кейин ёки 5 йилдан кейин нима бўлади, 20 йилдан кейин Тошкентни қандай кўрамиз - шу муаммо. Шу пайтгача аниқ ва пухта режа қилинмаган. Ҳокимият фақат хизмат кўрсатувчи органга айланиб қолган. Ўзи алоҳида пул топиб, уни янада кўпайтириб, хусусий корхоналар билан шерикчиликда - давлат-хусусий сектор ҳамкорлигида ишлашни ривожлантирилмагани диққатимни тортди. Коммунал, йўл-транспорт соҳалари эскириб кетганлиги, уни қайта тиклаш кераклиги, туманларнинг марказлари йўқ бўлиб кетгани, ҳамма эътибор фақат шаҳар марказига қаратилгани, одамларнинг яшаш шароити шу омилларга қараб ўзгаргани катта муаммолар сирасига киради. Яна бир муаммо - бозорлар. Масалан, улгуржи бозорларнинг шаҳар ичида жойлашгани, дунёнинг ҳеч бир жойида улгуржи бозорлар шаҳарда бошқа савдо марказлари, кафе-ресторанлар яқинида жойлашмаган. Улгуржи бозор билан савдо марказларининг ёнма-ён жойлашиши шаҳардаги номутаносибликни келтириб чиқарган. Аҳолининг кўп рентабелли ишларга жалб қилиниши кераклиги - яна бир муаммо. Аҳолининг яшаш жойига қараб дўконлар, спорт мажмуалари ва савдо марказларининг етишмаслиги, яъни бир туманда 200 минг аҳолига спорт мажмуалари 10 та бўлса, бошқа бир туманда - атиги 3 та. Бу одамларнинг сарсон бўлишига, кўчаларда тирбандликларнинг юзага келишига олиб келади. Бу каби муаммоларни режа асосида яқин йиллар давомида тўғирласа бўлади. Барчаси кўриб, ўрганиб чиқилмоқда.

Фото: Халқаро Пресс-клуб
Top