20:00 / 13.12.2018
24820
Эҳтиёткорона чиқишлар: парламентдаги баҳслар қанчалик ҳақиқий?

Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва сенатдан иборат Ўзбекистон парламенти кўп йиллардан буён фаолият юритиб келмоқда. Жумладан бугун, 13 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг янги XVII ялпи мажлиси очилди. Бу узлуксиз ва табиий давом этаётган жараён. Лекин нега бизда депутатлар ёки сенаторларнинг ўзаро баҳслари деярли кузатилмайди?

Ҳар бир баҳо қиёсловлар билан берилади. Хориж, айниқса ривожланган давлатлар парламентларидаги сиёсий жараёнларни кузатсангиз унда бирор масала бўйича қарорлар баҳсларсиз қабул қилинмайди. Депутатлар айрим пайтларда ўз фикрларини ҳимоя қилиб шу даражада қизишиб кетадиларки, бир-бирлари билан муштлашиш даражасига боришади. Аммо Ўзбекистон парламентида ҳамиша сокинлик ҳукм суради, енгилгина баҳслар ҳам омма эътиборига тушмайди.

Албатта, бу хориждаги айрим мисоллардагидек муштлашишга ҳавас қилиш эмас. Аммо наҳотки бир мамлакат ҳаётига оид энг муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилиниш жараёнида ҳақиқий баҳслар кузатилмаса?

Тўғри, сўнгги икки йилда озми-кўпми фикрлар тўқнашуви юз бергандек бўлди. Мисол тариқасида, депутат Акмал Умурзоқовнинг прописка тизимини бекор қилиш пойтахтда жиноятчилик ортишига сабаб бўлиши, бу инсон ҳуқуқларининг чекланиши эмаслиги ҳақидаги фикрига жавобан (балки жавобан эмасдир) яна бир депутат Расул Кушербаев прописка тизимининг демократик тамойилларга мос келмаслиги тўғрисидаги фикрларини ўқидик

Ёки XVII ялпи мажлисининг илк кунида сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг даромад солиғи 12 фоиз, ҚҚС миқдори эса 20 фоиз экани, Қозоғистонда бу рақамлар мос равишда 10 ва 12 фоизни ташкил этишини назарда тутиб «Сармоядор Марказий Осиёга кириб келганда, минтақадаги бозорга қарайди. Сармоядорлар учун курашда бизнинг асосий рақобатчимиз - Қозоғистон. Бу борада Қозоғистонга нисбатан устунлигимиз борми?», деган эътирозига жавоб тарзида Молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг сармоядорларни фақат паст кўрсаткичдаги солиқ ставкалари билан жалб этиб бўлмаслиги, бу жараёнга таъсир этувчи бошқа омиллар ҳам мавжудлигини назарда тутиб айтган гапларини ўқидик.

«ҚҚС, асосан, импортга нисбатан қўлланади. Бу эса ички бозорда рақобатбардош муҳитни яратиш учун шароит яратади», - деди вазир.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда фаоллиги билан ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланган депутат Расул Кушербаевнинг турли мавзулардаги эҳтиёткорлик билан чиқишларини ҳам шу қаторга қўшиш мумкин.

Аммо буларнинг бирортасини ҳақиқий баҳс деб баҳолаш қийин. Аслида бунга арзийдиган масалалар талайгина. Узоқ йиллар ваколати назорат қилинмаган дея тан олинган МХХ (ДХХ) ислоҳ қилинганида, ҳокимлар сайланганида ёки ҳисобот берганларида, вазирлар соҳага оид маълумотлар тақдим қилганларида, ташқи ишларга оид масалаларда ва ниҳоят ҳукумат фаолияти таҳлил қилинганида...

Бу жараёнларнинг ҳаммаси ниҳоятда силлиқ кечади ва одатда якдил хулоса билан якунланади. 

Яна бир қизиқ жиҳат – доим кузатиладиган умумийлик бор. Парламентнинг барча аъзолари ўз фикрларига президент сўзлари билан зеб беришни, давлат раҳбари гаплари билан мустаҳкамлашни ва шу тарзда ҳимояланишни яхши кўришади. Ва негадир шу усул қўлланганда одатда жавоблар бўлмайди. 

Депутатлар ва сенаторларга улкан имтиёзлар берилган. Аммо улар орасида шунча мажлисларга қатнашиб, бирор марта арзирли фикр билдирмаганлари ҳам талайгина. 

Ахир депутат ўзи ва сайловчилари қарашларини ифода этиш, керак бўлса ҳимоя қилиш учун бу ерда ўтирмаяптими? Зарур пайтларда баҳслашиб бўлса-да ўзига ишониб жўнатган инсонлар манфаати учун ютиб чиқишга уриниши керак эмасми?

Ким билсин, балки ҳамон бу йўлнинг бошидадирмиз?..

Аброр Зоҳидов

Top