8460.92 USD +2.76

9439 EUR -62.05

131.06 RUB +1.32

10760.6 GBP -234.16

17:35 / 13.02.2019 25936

«Хавфли»​ вакцина: эмлаш ҳақидаги миш-мишлар қанчалик тўғри?

Фото: Shutterstock

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) маълумотига кўра, хавфли касалликларнинг олдини олиш бўйича эмлаш усули ​муаммога иқтисодий жиҳатдан энг самарали ечим бўлиб, йилига 2-3 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолинади. Эмлашдан бош тортиш эса инсониятга қарши оммавий таҳдидлар рўйхатига киритилган.

Аммо, шунга қарамай, эмлаш мавзуси атрофида зиддиятли фикрлар кўп учрайди. Хусусан, унинг акс таъсири, ўтказилиш тартиби, хавфсизлик даражаси борасида мутахассислар ва аҳолининг фикри аксар бир нуқтада тўқнашмайди.

Эмлашнинг аҳамияти қанчалик?

Эмлаш хавфли ва юқумли хасталиклар қўзғатувчисининг зарарсиз миқдордагисини қонга юбориш жараёни ҳисобланади. Организм бу вирус билан «танишади»​ ва унга қарши иммунитет ҳосил қилади. Бу орқали хасталикнинг юқиш эҳтимоли сезиларли даражада камайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, эмлаш кампаниясининг тўғри амалга оширилиши натижасида бўғма, қоқшол, вирусли В гепатити каби хасталиклар Ўзбекистон ҳудудида учрамайди.

Эмлашни амалга оширадиган мутахассис махсус ўқитилади ва вакцина ўтказишга рухсат берувчи сертификат берилади. Ҳар бир эмлаш хонасида бундай сертификат осиғлиқ туриши керак. Ота-она мутахассис малакасига шубҳа қилган тақдирда бу ҳужжатни ҳамда инъекциянинг кафолатини талаб қилишга ҳаққи бор.

Миллий эмлаш тақвимига бактериал менингит, кўкйўтал, полиомелит, қоқшол, ротавирус, дифтерия, вирусли В гепатити, сил каби турли юқумли хасталикларга қарши 12 хил вакцина киритилган. Улар бола туғилгандан 18 ёшгача бўлган даврда турли муддат оралиқлари билан режали тарзда амалга оширилади. 12 турдаги вакцина давлат бюджети ҳисобидан барчага бепул ўтказилади.

«Фақатгина А гепатитига қарши эмлаш пулли тарзда амалга оширилади. У эмлаш жадвалига киритилмаган, лекин хавфи юқори бўлганлиги учун мутахассислар томонидан қатъий тавсия этилади.

2017 йилда А гепатити эпидемия тарзида қўзғалиши хавфи мавжуд эди. Шу боис вазирлик 3 миллион доза инъекция олишга эришган ва бепул тарзда болаларга ўтказилган эди. Эпидемия эҳтимоли юзага келганда шу сингари кампаниялар олиб борилиши мумкин»​, –​ дейди Дилором Турсунова.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, ижтимоий оғир аҳволдаги оила фарзандларини бу вакцинадан ўтказишда қийинчилик юзага келганда ҳомийлар кўмаги ташкиллаштириб берилади. Кейинчалик бу вакцина ҳам Миллий эмлаш тақвимига киритилиши режалаштирилмоқда.

Эмланмаган бола таълимдан маҳрум...ми?

«Фарзандларимизни боғчага ёки мактабга бермоқчи бўлсак, сариқ касалига қарши эмлатиб, справка олиб келасиз, бу мажбурий, дейишяпти. Хусусан, Қўқондаги боғчаларда шу ҳолат кузатилмоқда. Ўзим ҳам шундай вазиятга дуч келдим, танишларимдан суриштирганимда, уларга ҳам шундай талаб қўйишганини айтишди. Бу вакцинанинг нархи 100.000 сўмдан ортиқ экан. Бу қанчалик тўғри?»​, –​ дея ёзади қўқонлик фуқаро Толибжон Обидов.

Бу масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилинганда, бундай тартиб мавжуд эмаслигини маълум қилишди.

«Вакцина қабул қилмаган болани мактабга ҳамда мактабгача таълим муассасасига қабул қилмаслик ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳеч қандай қарори ҳам, буйруғи ҳам мавжуд эмас. Фақатгина эмлашнинг аҳамиятини тарғибот-ташвиқот йўли билан аҳолига тушунтириш керак. Муассаса маъмурияти ота-оналарга юқумли касалликларнинг хавфи, вакцина олиш орқали ҳам фарзандининг, ҳам атрофдагиларнинг саломатлигини муҳофаза қилган бўлишини тавсия асосида огоҳлантириши мумкин», –​ дейди Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош мутахассиси Дилором Турсунова.

Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги «Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги ​қарорига асосан юқумли касалликларга қарши эмланмаган болани боғчага қабул қилмаслик бўйича талаблар қўйилмаган. Ота-оналар фақатгина болаларнинг саломатлигига масъул бўлган ҳолда ўз хоҳиши билан эмлатиши мумкин. Юқумли касалликларга қарши эмланмаган бола мактабгача таълим муассасасида ушбу инфекцияларни юқтириш хавфи юқори бўлади. Шунинг учун муассаса раҳбарияти томонидан таълим муассасасига бораётган болаларнинг касалланиши олдини олиш мақсадида янги, бирламчи қабул қилинаётган тарбияланувчиларнинг ота-оналарини Миллий эмлаш тақвимига киритилган вакциналар билан эмлатишни фақатгина тавсия қилиши мумкин, талаб қилишга ҳаққи йўқ.

Болани мактабга беришда ҳам вакцина олмаганлик учун таълимга қабул қилишни рад этиш бўйича ҳеч қандай юридик асос мавжуд эмас. Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди. Фақатгина боланинг умумий саломатлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома бошқа ҳужжатлар (ота-онанинг паспорти, боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси, боланинг 4 дона рангли фотосурати) қаторида тақдим этилади.

Аутизм эпидемияси: ҳаммасига вакцина айбдорми?

Вакцинанинг аҳамияти нафақат мамлакат, балки жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида ҳар қанча эътироф этилса-да, «антивакцина»​ руҳидаги кишилар кўпчиликни ташкил этади. Бунга сабаб нима? 

Интернет сегментида айни шу руҳда фикр билдирган ота-оналарнинг мулоҳазалари таҳлил қилиб кўрилганда маълум бўлдики, улар вакцина инъекциялари фарзандининг руҳий ривожланишига салбий таъсир кўрсатганини таъкидлашган. Шунингдек, фарзандига аутизм ташхиси қўйилган ота-оналарнинг ҳам аксарияти болада бу ҳолат айнан эмлаш жараёнидан кейин бошланганини айтишади. 

«Икки ёшгача ҳам руҳан, ҳам жисмонан меъёрида ривожланиб келаётган фарзандимга АКДС (кўкйўтал, дифтерияга қарши) вакцинаси ўтказилгандан кейин кескин ўзгаришлар кузатила бошланди. Мустақил кийинишни, овқатланишни ўзлаштирган ўғлим ҳамма нарсани секинлик билан унута бошлади. Ҳатто табиий эҳтиёжларини амалга ошириш кўникмасини ҳам йўқотди...»​, –​ дейди Зебохон Иноғомова.

ДСЭНМ мутахассиси Дилором Турсунова бу фикрни мутлақо инкор қилди:

─ Вакцина инъекцияларининг руҳий ўзгаришларни келтириб чиқариши илмий, тиббий нуқтаи назардан мутлақо тасдиқланмаган. Бу ота-оналарнинг шахсий қараши холос. Вакцина малакали мутахассисларнинг йиллаб меҳнати ва изланиши натижасида яратилади. Бунинг ортида ЮНИСЕФ, ЖССТ каби йирик муассасалар турибди. Дунё бўйича тарқатиладиган, хусусан, Ўзбекистонга кириб келадиган вакцина ҳам ЖССТ тасарруфидаги корхоналарда ишлаб чиқарилади ҳамда экспертлар назоратидан ўтган бўлади.

Вакцина мутлақо хавфсиз. Фақатгина организмнинг индивидуал кўрсаткичларини инобатга олиш керак. Агар болада қандайдир сурункали ёки наслий касалликлар мавжуд бўлса, эмлаш бажарилмайди. Аввал хасталик даволаниши керак. Бунда эмлашни амалга ошираётган шифокорнинг малакаси, зийраклиги аҳамиятга эга. Албатта, боланинг саломатлиги ҳақида маълумотларни аниқлаштириш керак.

«Италиялик олимлар билан суҳбатда бўлганимизда улар эмланган бола эмланмаган тенгдошига нисбатан яхшироқ ва тезроқ ривожланишини таъкидлашди. Бу илмий асосланган. Бизда вакцинага ишончсизлик билдириб, фарзандини эмлатмаганлар жуда кам, бир фоизга ҳам бормайди»​, –​ дея қўшимча қилди мутахассис.

Тиббиёт фанлари доктори Сарвар Муҳаммедов вакцина руҳий бузилишга бевосита сабаб бўлмаслигини айтиб ўтди:

─ Вакцинадан сўнг салбий ўзгаришлар кузатилган ҳолатларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: мияда мавжуд бўлган, нофаол ҳолатдаги касаллик ўчоғи танага кириб келган ёт унсур, яъни вакцина таъсирида “уйғониб кетиши” ва ўзини намоён қила бошлаши мумкин. Аслида вакцина инъекцияси хавфсиз, у миллионлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда. Лекин уни ҳар бир организм ҳар хил қабул қилади. Шу боис шифокор эмланаётган боланинг саломатлик ҳолати ҳақида чуқур ва тўлиқ маълумотга эга бўлиши керак.

Юқумли касалликлардан профилактика қилиш, хавфли эпидемиялардан ҳимояланишнинг энг самарали усули сифатида мутахассислар эмлашни тавсия этишади. Уни олиш-олмасликни эса ҳар бир инсон ўзи мустақил ҳал қилиши мумкин. Унинг ножўя таъсирларининг олдини олишда эса шифокорларнинг масъуллигини, ота-оналарнинг тиббий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.​

Саодат Абдураҳмонова

Теглар

Top