8441.36 USD -14.01

9493.15 EUR -61.42

131.78 RUB +0.25

10963.6 GBP -96.83

21:40 / 18.03.2019 17769

Тез ёрдам хизмати ходимларини таҳқирлаган зўравонларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Жўш тез тиббий ёрдам шохобчаси шифокори ва тез тиббий ёрдам ҳайдовчисига зўравонлик қилган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг Тергов бошқармаси маълумот берди.

«Аниқланишича, 2019 йил 7 март куни соат 22:00да Жўш тез тиббий ёрдам шохобчаси шифокори, 1993 йилда туғилган М.К. ва тез тиббий ёрдам автомашинаси ҳайдовчиси, 1988 йилда туғилган Ш.П. Юқори Жўш маҳалласида яшовчи Р.О.нинг яшаш уйига унга тиббий ёрдам кўрсатиш учун борган. Шифокор М.К. унга Р.О. берган вакцинани унинг вена томирига юбормаган, бунга ваколати йўқлигини айтгач, маст ҳолатда бўлган Р.О. ҳамда унинг қўшниси ва қариндоши бўлган Т.О. шифокор М.К. ва ҳайдовчи Ш.П.нинг шаъни ва қадр-қимматини камситиб, уларни ҳақорат қилиб, уриб, тан жароҳати етказишган. Бундан ташқари дори-дармон қутисини тортиб олиб, барибир қайтиб келишини айтиб, уйига олиб кириб кетишган. М.К. ва Ш.П. етказилган жароҳатлардан даволаниш учун туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан 15 март куни Қўшработ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Р.О. ва Т.О.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 140-моддаси 3-қисми «а» банди («Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш») билан жиноят иши қўзғатилди ва ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, сайтда Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Жўш тез тиббий ёрдам шохобчаси шифокори ва тез тиббий ёрдам ҳайдовчисининг зўравонликка дучор бўлгани ҳақида ҳикоя қилинган «Қўшработда «тез ёрдам» шифокори ва ҳайдовчисини маст «бемор» ва унинг яқини калтаклади» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам Қўшработдаги воқеаларга ўхшаш ҳолатлар юзасидан бош прокурорга мурожаат қилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу вазият юзасидан тегишли чоралар кўришини сўраганди.

Top