8562.34 USD +26.60

9731.96 EUR +165.96

135.34 RUB +2.77

10908.4 GBP +161.92

18:30 / 07.05.2019 21383

Намангандаги мактабда коррупцион схема тузган директор ва ошпазга судда жазо тайинланди

Иллюстратив фото

2019 йил 5 март куни жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида судья Б.Таваккалов раислигида Наманган шаҳридаги 1-сонли ихтисослашган мактаб директори ва ошпазига оид жиноят иши кўриб чиқилди. Судланувчи Ш.Т. ва Н.С. қонун олдида жавоб беришди.

Маълум бўлишича, судланувчи Ш.Т. умумтаълим мактаби ошпази сифатида ишлаб келгани ҳолда, фирибгарлик йўлида ҳаракат қилган. У бир неча танишларини уларнинг фарзандларини мактабнинг 1-синфига жойлаштириб қўйиш эвазига ҳар бир бола учун 400 АҚШ доллари миқдорида пул сўраган. Мактаб директори Н.С. билан ўзаро тил бириктириб яна бир фуқародан пора тариқасида директор ўғлининг номига расмийлаштирилган «Ласетти» русумли автомобилга 55-ҳажмли автомашина аккумуляторини олади. Бундай пора олиш ҳолатлари кўп марталаб содир этилган.

Бундан ташқари, мактабнинг 2015-2018 йилларда бюджет маблағлари мақсадли сарфланиши юзасидан текшириш ўтказилганда, директор жамғармасидан 142,8 минг сўм, 7 нафар ўқитувчининг меҳнат таътили учун 1,9 млн сўм, аслида мактабда ишламаган лаборантга 414,3 минг сўм, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 декабридаги 275-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид ҳолда 2016-2017 ўқув йилида 41,9 млн сўм, жами, 48 ўқитувчига ҳаммаси бўлиб, 92,4 млн сўм иш ҳақи ортиқча ҳисоблаб, 37 нафар ўқитувчи томонидан бажарилмаган дарс соатлари учун 2,8 млн сўм, номутахассис бўлган бир ўқитувчига 295,3 минг сўм, Вазирлар Маҳкамасининг 107-сонли Қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид равишда малака тоифаси амал қилиш муддати тугаган 4 нафар ўқитувчига 547,4 минг сўм, педагогик юкламаларни бажармаган 34 нафар ўқитувчи учун 2,4 млн сўм иш ҳақи ҳисоблаган ва жами 102,5 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағи растрата қилинган.

Судланувчи Ш.Т. (мактаб ошпази) Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми («фирибгарлик»), 28,210-моддаси («пора олиш») 2-қисми «а»,«в» бандлари ва 28,211-моддаси 1-қисми («пора бериш») билан айбли деб топилди. Ушбу шахсга нисбатан 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Судланувчи Н.С. (мактаб директори) эса Жиноят кодексининг 167-моддаси («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 3-қисми «а» банди ва 210-моддаси («пора олиш») 2-қисми «а»,«в» бандлари билан айбли деб топилди. Энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари, яъни 64 505 000 сўм жарима ва 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Ҳукмдан норози томонларга шикоят бериш тартиби тушунтирилган.

Top