8562.34 USD +26.60

9731.96 EUR +165.96

135.34 RUB +2.77

10908.4 GBP +161.92

08:10 / 29.05.2019 11252

Давлатларнинг рақобатбардошлик рейтинги эълон қилинди 

Фото: globallookpress.com

Халқаро менежментни ривожлантириш институти (International Institute for Management Development, IMD) томонидан ҳар йили тузилувчи, давлатларнинг рақобатбардошлик рейтингининг 2019 йил учун версиясида Сингапур энг юқори ўринни эгаллади. Аввалги йилги рейтинг етакчиси АҚШ эса 3-ўринга тушиб кетди.

IMD сайтидаги баёнотда Сингапур 2010 йилдан бери илк бор рейтингнинг энг юқори ўрнини эгаллагани таъкидлаб ўтилган. Бундай юқорилашга мамлакатнинг илғор технологик инфратузилмаси, малакали ишчи кучи мавжудлиги, қулай иммиграция қонунлари ва бизнес очишнинг самарали усуллари сабаб бўлган.

Мутахассислар АҚШнинг пастлашини мамлакатда ёнилғи нархи ошиши, юқори технологик экспортнинг кучсизланиши ва доллар курсининг “ўйнаши” билан тушунтиришган. 

2-ўринни “Осиё йўлбарси” Ҳонконг эгаллади. 

Умумий ҳисобда рейтингдан 63 давлат ўрин олган. Етакчи ўнталикка, шунингдек, Швейцария, БАА, Нидерландия, Ирландия, Дания, Швеция ва Қатар киритилган.  

Марказий Осиё давлатларидан рейтингда фақатгина Қозоғистон тақдим қилинган ва у ўтган йилги рейтингга нисбатан 4 ўрин юқорилаб, 34-ўринни эгаллаган.

Таъкидланишича, энг катта юқорилашни Саудия Арабистони намойиш этган. Араб давлати аввалги 26-ўриндан 13-ўринга кўтарилиб олган. Қатар эса 2013 йилдан бери илк бор етакчи ўнталикка кирган. Бунга эса нефть ва газ сотишдан олинган юқори даромадлар сабаб бўлган.

Шунингдек, катта юқорилашни Индонезия намойиш қилган, ушбу давлат аввалги 43-ўриндан 32-ўринга кўтарилиб олган. Шунингдек, БАА илк бор етакчи бешталикдан ўрин олган.  

Рейтингнинг охирги ўринларини Аргентина, Мўғулистон ва Венесуэла эгаллаган. 

IMD рейтинги 1989 йилдан эълон қилиб келинади. У 63 та давлатни қамраб олиб, уларнинг рақобатбардошлиги тахминан 260 та мезон бўйича баҳоланади. Тадқиқот давлатнинг рақобатбардош муҳит ва бизнес юритиш учун қулай шароитлар ярата олишини баҳолайди.

Top