8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

02:23 / 01.06.2019 6118

БМТ Ўзбекистоннинг "Меҳр" амалиётини юқори баҳоламоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳамда UNICEF Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан, нотинч  ҳудудлардан ўзбекистонликларни қайтаришга доир амалга оширилган "Меҳр" амалиётини юқори баҳоламоқда. Ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари аёллар ва болаларнинг жамиятга интеграциялашувида ҳукумат билан ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди. 

"UNICEF'даги ҳамкасбим билан Суриядан келтирилган 156 нафар ўзбекистонлик жойлаштирилган санаторийни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан кўздан кечирдик. БМТ қайтарилган ўзбекистонликларни реабилитация, реинтеграция қилишда қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлигини аниқлаш учун жойларда яратилган шароитларни ўргандик. Таъкидлаш жоизки, давлат томонидан яратилган шароитлар етарли эканига гувоҳ бўлдик", - дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер. 

Унинг сўзларига кўра, бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари билан ўтган мулоқотда БМТ аёллар ва болаларнинг жамиятга қайтиши, даромад манбаларини топиши, ўқиши ва хавфсиз яшашига қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашилган. 

"Биз оилалар яшайдиган жойларни кўздан кечирдик, уларнинг ҳар бирида она ва болалар учун алоҳида хоналар ажратилган. Бизга маълум бўлишича, 3 нафар ота-онасиз бола бор, улар давлат томонидан алоҳида қўллаб-қувватланади. Бу ерда уларни қўллаб-қувватлаш учун таълим, соғлиқни сақлаш хизматлари мобиллаштирилган. UNICEF ва БМТнинг бошқа ташкилотлари болаларга зарур ижтимоий-психологик ёрдамни кўрсатади. Фикримизча, болаларнинг эҳтиёжлари барчасидан устун ва биз уларнинг реабилитациясида ҳукуматга имкон қадар ёрдам беришдан мамнун бўламиз ҳамда уларнинг бу йўлда амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз", - деди Фрейзер хоним. 

UNICEF'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман ҳам бу борада ўз фикрини баён қилди: 

"UNICEF Ўзбекистон ҳукуматининг Ироқ ва Сурия каби нотинч ҳудудларда туғилган болалар учун масъулиятни ўз зиммасига олганини қўллаб-қувватлайди. Ҳодиса шуниси билан аҳамиятлики, бу болалар у ерларда даҳшатли ҳодисаларни бошдан кечиришган, уларни чидаб бўлмас шароитларда сақлашган. Биз бу ердаги вазият билан танишиб чиқдик ва Ўзбекистон ҳукумати бу болалар учун барча шароитларни яратаётганидан хурсандмиз", - дейди у. 

Грауманнинг таъкидлашича, бош вазир ўринбосари билан суҳбат якунига кўра, UNICEF болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятга интеграциялашуви учун ижтимоий-психологик ёрдам берувчи мутахассислар билан таъминлашига келишиб олинган. 

"Президентнинг ушбу вазиятни шахсан ўз назорати остига олганидан, қайтганларнинг бари Ўзбекистон фуқаролигини олишига доир қарор қабул қилганидан жуда хурсандмиз. Бу жуда муҳим, чунки ҳеч бир бола фуқароликсиз қолмайди. Болаларнинг жамиятга  интеграциялашувида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Биз бу ерда аёллар ва болалар учун яратилган шароитлар билан танишдик ва давлат томонидан болалар учун барча шароитлар яратилганига ишонч ҳосил қилдик", - дея сўзларини якунлади UNICEF ваколатхонаси раҳбари. 

Таъкидлаш жоизки, 30 май куни Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги қуролли ҳаракатлар давом этаётган нуқталардан Ўзбекистонга қайтарилди, улар Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди. "Меҳр" номли мазкур амалиёт доирасида Ўзбекистонга қайтганларнинг 48 нафари аёллар бўлса, 107 нафарини ёш болалар ташкил қилди.

Президент топшириғига мувофиқ ҳукумат қарори билан Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида Махсус комиссия ташкил этилди ва унинг таркибига кирган барча масъул вазирлик ҳамда идоралар мутасаддиларига аниқ вазифалар белгилаб қўйилди. Абдуҳакимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистонга қайтган аёллар ва болаларга фуқаролик ҳужжатларини бериш чоралари кўрилади, аёлларга тегишли тартибда нафақа белгиланади, уларни доимий иш билан таъминлаш масаласи кўрилади, болалар эса мактабгача таълим муассасаси ва махсус мактабларга жалб этилади. Айни дамда улар ўртасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилиб, соғломлаштириш ишлари бошлаб юборилган. 

Top