8518.68 USD +5.11

9652.52 EUR +145.42

131.33 RUB +0.92

10847.7 GBP +94.20

21:10 / 12.06.2019 10299

Европа қишлоқ хўжалиги ҳам Ўзбекистондагидек режалаштириладими? Эксперт фикри

Германия Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, соҳа таълими, тадқиқот, стандартлаштириш, чорвачилик, ўсимликларни етиштириш, уруғчилик, асаларичилик каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдордир. Шу билан бирга, Европа мамлакати Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун Европа бозорига йўл очишни хоҳлайди. Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги Парламент Давлат котиби Михаэл Штюбген 12 июнь куни «Ўзэкспомарказ»да бошланган «AgroExpo Uzbekistan/Agrotech Expo-2019» кўргазмаси доираси Kun.uz мухбирига берган қисқа-интервьюсида шундай фикрларни билдирди.

Жаноб Штюбген Ўзбекистонга хуш келибсиз! Рухсат берсангиз, бир неча савол билан мурожаат қилсам. Сизнингча, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги, ниҳоят, ўз салоҳиятига муносиб равишда самара бериши учун Ўзбекистон ҳукумати қандай қадамларни ташлаши керак, деб ўйлайсиз?

Аслини олганда, Ўзбекистон ҳукумати айнан қишлоқ хўжалиги самара беришини ўз олдига мақсад қилган. Албатта, биз Европа мамлакати ўлароқ, бу борада ўз кўмагимизни беришни хоҳлар эдик. Бундан кўзланган мақсад, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини Европа бозорига етказиб беришда ҳамкорлик қилиш ва кўмаклашишдир. Шунингдек, ҳамкорлигимиз доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда кўмаклашишдир. Биз, Германия федерал ҳукумати сифатида Ўзбекистон томони учун Европа бозори эшикларини очувчи томон бўлишни истаяпмиз.

Албатта, бизнес намоёндалари сармоя киритишлари, тижорат корхоналари инвестиция олиб келишлари зарур. Ўйлайманки, ҳақиқатдан ҳам бу соҳада улкан салоҳият мавжуд. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳукуматининг сўнгги 3 йилда бу соҳада эришган ютуқлари эътиборга моликдир. 

Жаноб Штюбген, сиз Ўзбекистонники сингари режаланган қишлоқ хўжалигига эга бўлган ҳолда барча иштирокчи томонларга фойда келтирувчи қишлоқ хўжалигига эга мамлакатни биласизми?

Албатта, ватаним, собиқ Германия демократик республикаси қишлоқ хўжалиги ҳам бир вақтлар режали хўжалик юритиш асосида фаолият кўрсатган. Ўтган аср 90-йилларида биз қишлоқ хўжалигига ёндашувни тубдан ўзгартирдик. Режали қишлоқ хўжалигини бошқа шаклда қайта ташкил этдик (режали қишлоқ хўжалигидан воз кечилиб, янги, бозор тамойилларига асосланган ишлашга ўтилди). Бугунги кунда у жуда муваффақиятли ва самарадордир. Бу Шарқий ва Марказий Европа мамлакатлари, жумладан, Польша, Руминия, Болгария ҳамда Болтиқбўйи республикалари қишлоқ хўжалиги янги услубларда ишлаб келмоқда.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Кўргазма доирасида шу куннинг ўзида Ўзбекистон-Германия ҳукуматлараро ишчи гуруҳининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича иккинчи йиғилиши ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев ва Германия Федерал озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги Парламенти Давлат котиби М.Штюбген раҳбарлигидаги гуруҳ вакиллари иштирок этди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Гуруҳ йиғилиши сўнгида, Германия қишлоқ хўжалиги жамияти томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда зарур бўлган халқаро тажрибани тақдим этувчи «Даладан ликопчагача” номли халқаро конференция ташкил этишга келишиб олинди.  

«AgroExpo Uzbekistan» кўргазмаси доирасида Германия қишлоқ хўжалиги жамияти (DLG e.V.) озуқа ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, сут ва картошкани қайта ишлаш, халқаро савдо стандартлари, гигиена талаблари, сифат кўрсаткичлари, ташқи бозорга чиқиш учун шартлар каби масалаларда халқаро экспертларни бир жойга жамлашга муваффақ бўлди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Германия томони ушбу тадбирда мамлакатнинг етакчи немис тадқиқот институтлари ва мамлакат агросаноат секторининг 10та компанияси томонидан тақдим этилаётган миллий стенд билан иштирок этмоқда. Шу билан бирга, Германия томони ўзбекистонлик шериклар билан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, таълим, тадқиқот, стандартлаштириш, чорвачилик, ўсимликларни етиштириш, уруғчилик, асаларичилик, халқаро кўргазмаларда ўзаро иштирок этиш каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.

Йиғилиш сўнгида, томонлар ўртасида меморандумлар имзолаш маросими ташкил этилди.

Top