8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

11:27 / 16.06.2019 56861

Китобда пайдо бўлган «сув омбори» тақдири нима бўлди?

Фото: KUN.UZ

Табиий офат – кўчки, сел, тошқин, зилзила – бу офатларнинг номининг ўзиёқ киши қалбини қўрқувга солади. Улар ортидан келадиган талофатлар одамларга ҳам моддий, ҳам маънавий хавф солади.

Жорий йилнинг серёғин кунларида Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, жумладан, Қашқадарёнинг айрим туманларида ана шундай табиий офатлар кузатилди. Айниқса вилоятнинг Китоб туманида жойлашган қатор тоғолди қишлоқларига жиддий зарар етди. Аспидухтор, Девонбола, Жовуз, Матмон ва Шут қишлоқлари аҳолиси кўчки оқибатида жиддий хавотирга тушишди.

2019 йилнинг 28 апрель куни Китоб туманидаги юқорида номлари келтирилган қишлоқларни шаҳар билан боғлайдиган ҳудудда кўчки содир бўлади. Оқибатда ҳудуддан оқиб ўтувчи Жиннидарё йўли бекилиб, атрофга сув тошади. Сув кўтарилиб, бешта қишлоқни шаҳар билан боғловчи йўл сув билан қопланади. Бу ҳам камдек, йўл ёқасида ўрнатилган электр симёғочлари сувга ғарқ бўлади. Қишлоқ аҳолиси чироқсиз қолади.

«Ўша куни ва ундан икки-уч кунлар олдин (мазкур ҳудудда кучли ёғингарчиликлар 24 апрелдан бошланган) жуда кучли ёмғир ёғди. Одамлар хавотирга тушиб қолди. Чунки биз томонларда кучли шамол ва жала тез-тез кузатилса-да, бу галгиси бошқача, ҳақиқатда, кучли эди.

Ўйлаганимизча ҳам бор экан. Кўчки бўлди. Буни ўзимизда «тоғ кўпчиди» дейди. Бу ҳодиса камдан-кам кузатилади, аммо бу қадар катта даражада эмасди. Шундан сўнг, йўлимиз ёпилиб қолди, электр тамоман ўчди», - дейди фуқаролардан бири Остонов Шермардон.

Вазият ҳақиқатан ҳам ўта фавқулодда ҳолатга келиб қолган эди.

Расмий маълумотларда шундай дейилади: «Олиб борилган кузатувлар натижасига кўра, Китоб тумани, «Кўхсор» МФЙга қарашли Деновбола қишлоғининг шаҳар маркази билан боғловчи ягона «Паландара – Жовуз – Девонбола» автомобиль йўлининг 39-километрида Девонбола йўналиши бўйича йўлнинг чап томонида Жиннидарё ўзанидан тошиб чиқади. Дарё ўзани бўйлаб кўчки массаси 4-6 метр қалинликда 100 метр масофагача оқиб келади.

Ҳозирда кўчки таъсирида Девонбола қишлоғини шаҳар маркази билан боғловчи ягона автомобиль йўлининг 50 метр қисмини кўчки массаси батамом қоплаб олган ва 200 метрдан кўп бўлган қисми сув остида қолган. Бундан ташқари, Деновбола қишлоғини электр энергияси билан таъминловчи катта кучланишга эга бўлган 7 дона таянч столбаси яроқсиз ҳолга келиб, электр симлари кўчки массаси остида қолган».

Мазкур ҳолатни бартараф этиш мақсадида Китоб тумани ҳокимлиги томонидан 1 дона бульдозер, 1 дона чўмичли экскаватор, 1 дона болғали экскаватор муҳандислик техникаларини жалб этган ҳолда йўлнинг 200 метр қисмидаги кўчки массасини олиб ташлаш, таъмирлаш ҳамда транспорт воситалари қатновини йўлга қўйиш мақсадида қўшимча айланма йўл ташкил этиш мақсадида зарур ишлар бошлаб юборилган.

Китоб тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Файзулла Султонов бизга бу борада қуйидаги маълумотларни тақдим этди: «Юз берган кўчкини бартараф этиш учун штаб ташкил қилинди. Аҳолининг электр таъминотига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 23та симёғоч ўрнатилди ва 400 метр сим тортилди.

Одамларга 88 халта ун, 1 тонна ўсимлик ёғи, 2 тонна «солярка», 100та газ баллон олиб бориб тарқатдик. Туман тиббиёт бирлашмасидан зарур мутахассислар мазкур ҳудудларга йўналтирилди ва улар аҳолига хизмат кўрсатишди. Кўчма дорихоналар ташкил этилди. Йўл ёпилиб қолгани боис, қишлоқлардаги пенсионерларнинг маблағлари масаласи  каби ташкилий ишлар режа қилиниб, ўз вақтида етказилди. Мазкур кўчки жуда катта масса билан мазкур ҳудудга «оқиб келди». Тоғлар сувга тўйинди, булоқлар ўз сувини қўйиб юборди. Айни дамда кўчкини олганимиз билан, у йўлни яна ёпади. Чунки кўчкининг таги лойқа, уни дарё ювяпти. Бу кўчкининг маълум миқдорда массасини камайтириб келаверади. Бу жараён ойлар давомида бўлади. Дарё кўчкидаги массани тушириб олиши керак».

«Биз буни кутмагандик. Гапни кўпиртирмаяпман, аммо йўлни очиб беришади деб сира ўйламагандик. Қишлоқларимизнинг асосий даромади картошка етиштириш. Айримлар чорва билан ҳам шуғулланади. Кўчки хайриятки, ерларимизга эмас, фақат йўлимизга келди», дейди фуқаролардан бири Ҳасан Ҳамидов.

Унинг сўзларига кўра, июнь ва июль ойларида ҳашар қилинади. Фақат Жиннидарё келган кўчкини ювиб кетиши керак.

Ишлар олиб борилаётган бир вақтда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ҳудудга ташриф буюрди ва сайёр қабул ўтказди. Унда вилоят ва туман секторлари, бошқарма ва ташкилотлар, мурожаатчи фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирлар давомида аҳоли мурожаатига асосан арзонлаштирилган нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Кам таъминланган оилаларга бепул ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, уларнинг фарзандларига кийим-кечак тарқатилди. Ўрганишлар доирасида бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилиб, Деновбола ва Жовуз қишлоқлари аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди.

Айни кунларда мазкур ишларни янада самарали ташкил этиш, қишлоқларни шаҳар билан боғловчи йўлни қайтадан очиш учун зарур ишлар қилинмоқда.

Бу ишларни бажарилиши, ҳукумат ва ҳокимиятни ўз аҳолиси, халқ манфаатини кўзлаб чора-тадбирлар режалаштириши табиий. Муддао мана шундай ишлар давомий бўлсин. Чунки бундан барчамиз ютамиз – халқ ҳам, ҳукумат ҳам.

Сарвар Анвар ўғли

Top