8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

11:30 / 18.06.2019 39028

Тилла погонлар, Colt пистолети ва Lego конструктори. Ким Чен Иннинг болалиги қандай ўтган?

Фото: GETTY IMAGES

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг оммага эълон қилинган янги биографияси унинг кўпчиликка номаълум бўлган болалиги ва аввал бошдан «буюк лидер» бўлиб етишишга тайёрланган бўлажак давлат раҳбарининг ёшлик йилларидан ҳикоя қилади.

Washington Post газетаси журналисти Анна Фифелд муаллифлик қилган китоб «Буюк ворис: Ким Чен Иннинг муваффақият ва бошқарув сири» (The Great Successor: The Secret Rise and Rule of Kim Jong Un) деб номланган.

Муаллиф етакчини шахсан таниган кўплаб одамлар билан суҳбат қуришга муваффақ бўлган, улар орасида Кимнинг амакиси ва холаси ҳам бор. Шунингдек Фифелднинг эътироф этишича, у бир неча маротаба шимолий кореялик амалдорлардан Ким Чен Ин билан интервью уюштиришга ёрдамларини аямасликларини сўраган, бироқ ҳар сафар рад жавобини олган.

Китобнинг биринчи боби Шимолий Корея етакчисининг ҳозиргача жуда кам маълумотлар орқали маълум бўлган илк йилларига бағишланган.

Китоб муаллифи Анна Фифелд
​​​​​​Фото: Stuff

Би-би-сининг рус хизмати Ким Чен Ин биографиясидан жой олган бир неча қизиқарли фактлар билан бўлишди.

1. «Кичик шаҳзодалар»
Ким атиги 6 ёшлигиданоқ расмий маросимларда қатнашишни бошлаган. Китобда қиролликнинг Пхеньяндан жанубда жойлашган Синчон қароргоҳи ўйин хонасида ўз отасини кутаётган Ким ва унинг акаси эпизоди тасвирланган.

«Улар болалар ҳарбий кийимида эдилар - олтин тугма ва қизил ҳошияли оч жигарранг пиджак. Ой шаклидаги бош кийимда (фуражка) ва елкаларида олтин юлдузли погон бор эди. Улар мисоли митти генералларни ёдга солишарди.

Ота хонада пайдо бўлганда улар саломлашиш учун худди аскарлар каби қад ростладилар. Кенг юзлари жуда жиддий эди. Ким Чен Ир жуда мамнун бўлди, ўғилларини амалдор ва ходимларга таништиришни истади. Уларнинг барчаси кичик шаҳзодалар билан саломлашиш учун навбатга туришди».

2. Техникага қизиқиш
Ким Чен Ин болаликнинг илк йиллариданоқ техникага оид бўлган барча нарсани қадрларди. КХДР етакчисига айланганидан сўнг, ёшлигидан самолёт ва қайиқларга бўлган қизиқишини эътироф этди. Бу иштиёқ уни ёзги билим юртни тамомлаб, учувчи лицензиясини олишига туртки бўлди.

«Болалигидан Кимнинг механик аппаратларнинг барча турларига меҳри баланд эди, айниқса унга қайиқ ва самолётларнинг моделлари жуда ёқарди. У қайиқлар қандай сузиши, самолётлар қандай учишини билгиси келарди. Пхеньянда яшаб юрган вақтидаги ўзининг 8 ёки 9 ёшида, Ким Чен Ин кечалари механизмлар билан тинимсиз тажрибалар ўтказарди. Қийинчиликка дуч келса, тонг отгунча экспертлар билан муҳокама қилишга ҳам эринмасди. Агар унда савол туғилса ёки нимадир ишламаса, куннинг исталган вақтида денгиз муҳандисларига қўнғироқ қилиб уларни чақирар ва зудлик билан тушунтириб беришларини истарди, деб ҳикоя қилади унинг холаси».

Тахминларга кўра, Ким Чен Ин бошқа ном остида Швейцарияда яшаб, Берндаги халқаро мактабда ўқиган
Фото: GETTY IMAGES

3. «Супер Марио» ва Жеймс Бонд
Ким Чен Иннинг ёшлик йиллари КХДР тарихидаги энг оғир даврга тўғри келди - 1990-йиллардаги очарчилик. Аммо Вонсандаги махсус ёпиқ шаҳарда ҳашамат ичида яшаётган кичик Ким ва унинг акаси ўз халқи нимадан азоб чекаётганидан бехабар эди. Ноодатий равишда, уларда ўша вақтдаги «Супер Марио» энг сўнгги видеоўйини ўйнаш ҳуқуқи ва Sony телевизори бор эди.

«Болаларда ҳар қандай замонавий ўйинчоқ дўконларини ортда қолдирувчи ўйин хонаси мавжуд эди. У ерда Lego ва Playmobil конструкциялари уюмини, бутун умрга етиб ортадиган паззл ўйинлари қутиларини, ҳайратга солувчи ўқлари ҳақиқий бўлган пластик пистолетларни учратиш мумкин эди. Тўрт ғилдиракли ўйинчоқларнинг барча турлари бор бўлишига қарамай, Ким ҳақиқий автомобиль ва пистолетга ҳам эгалик қиларди: автомобиль отаси томонидан 7 ёшли бола ҳайдай олиши учун мослаб махсус буюртирилган бўлса, 45 мм калибрли Colt пистолетини 11 ёшидан камарига тақиб юрган.

Биноларда овоз қайтариш хусусияти ва акустикани яхшиловчи ёғоч панелларга эга катта кинозал мавжуд бўлиб, деразаларига ёруғликни тўсувчи духоба пардалар илинганди. Болалар юмшоқ креслоларда «Бен Гур», «Дракула» ва «Жеймс Бонд» ҳақидаги фильмларни томоша қилишарди.

4. Диснейленд ва Алп чанғиларида
1996 йилда 12 ёшли Ким Чен Ин ўқиш учун Швейцарияга жўнаб кетади, у ерда унинг акаси Ким Чен Чхоль ҳам таҳсил оларди. Икки йил давомида ака-ука ўзларининг холалари Ко Ёнг Сук билан биргаликда Бернда истиқомат қилишган.

«Уларга Европада яшаш ва пулга эгалик қилиш жуда ёқарди. Оилавий альбомларида бўлажак Шимолий Корея етакчисининг Ўрта Ер денгизида чўмилаётгани, Италиянинг очиқ ҳавосида тамадди қилаётгани тасвири, шунингдек, Париж Диснейлендига ташрифи (бу биринчиси эмасди, у аввалроқ ҳам онаси билан у ерда бўлган) ва Швейцариянинг Альп чанғиларида учаётгани суратларини учратиш мумкин».

Теглар

Top