8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

08:30 / 19.06.2019 4589

Калифорния тарихидаги энг вайронкор ёнғин учун жавобгар компания 1 млрд доллар жарима тўлайди 

Фото: AP /Rich Pedroncelli

Калифорния штатининг замонавий тарихидаги энг вайронкор ёнғиннинг юзага келишига жавобгар Pacific Gas and Electric (PG&E) энергетик компанияси 1 млрд доллар миқдорида жарима тўлайди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.

Агентлик маълумотларига кўра, компания томонидан жарима қиймати бўйича келишув 14 та маҳаллий аҳоли пункти раҳбарияти вакиллари билан эришилган. Маълум қилинишича, маблағлар “солиқ тўловчиларнинг молиявий йўқотишларини қоплаш”га йўналтирилади. 

Кўрсатилган қийматнинг бир қисми штатда 2015 ва 2017 йилда юз берган майда ёнғинлар томонидан етказилган зиённи қоплайди, бироқ катта қисми 80 дан кўпроқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган 2018 йилдаги ёнғиндан кейинги тиклаш ишларига йўналтирилади. Ўтган йил ёнғиндан энг кўп жабр кўрган Парадайс шаҳри ғазнасига 270 млн доллар тушади.

“Бу маблағлар маҳаллий ҳокимият ва солиқ тўловчиларга бир неча йиллик вайронкор ўрмон ёнғинларидан кейин ўз ҳамжамиятини барпо этишга ёрдам беради”, деб айтилган хабарда. 

AP Photo/Noah Berger

2018 йил 8 ноябрда Калифорния шимолида бошланган ёнғин оқибатида 85 киши ҳалок бўлган. Ёнғин 14 мингдан кўпроқ уй, 520 дан кўпроқ бино ва 4 мингдан кўпроқ бошқа иншоотнинг кулини кўкка совурган. 25 ноябрда ёнғин тўлиқ бартараф этилгани маълум қилинган. Таъкидланишича, ёнғин қамраб олган ҳудуд 620 кв. кмни ташкил қилган.

Top