8584.5 USD +6.14

9673.87 EUR +45.52

136.34 RUB +1.82

10793.3 GBP +50.61

21:00 / 20.06.2019 2575

Депутат: «Авваллари сайловчилар билан йилига 2-3 мартагина учрашилар эди»

Бугун, 20 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтиши белгиланганди. Унда 2019 йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 533-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонуни юзасидан маълумот берилиши режалаштирилганди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Жолдас Абдужамилов, Клара Жумамуратова, Зулайхо Акрамова, Ўткир Бўтаев ва Хожиакбар Тўлаганов иштирок этиши лозим эди. 

Лекин беш нафар депутатдан атиги бир нафари - Клара Жумамуратова қатнашди. Мажлисда бошқа депутатлар иштирок этмагани масаласига ҳозирча тўлиқ изоҳ берилмади. Шундай бўлса-да, Клара Жумамуратова журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди.

«Ҳозирда депутатлар ваколати анча кенгайди. Депутатлик сўровларимизнинг аксариятига тегишли ташкилотлар ўз вақтида жавоб юбормоқда. Бу ҳам ижобий ҳолат.

Бундан ташқари, сайловчилар билан учрашувлар сони ҳам анча кўпайди. Авваллари белгиланган регламент бўйича йилига 2-3 мартагина ўз сайлов округимиздаги сайловчилар билан учрашар эдик. Бир депутатда 50тагача маҳалла мавжуд. Шунга кўра, регламентдаги учрашувлар сони жуда оз эди.

Ҳозир эса президентимиз ташаббуси билан регламентимизга ўзгартириш киритилди ва учрашувлар сони анча кўпайди. Ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайловчиларимиз билан учрашамиз. Уларнинг муаммоларини эшитамиз, баъзилари ўша ернинг ўзида ҳал бўлади. Баъзиларидан ижтимоий масалаларда таклифлар ҳам тушади. Депутат ва сайловчилар ўртасида муносабат жараёни анча фаоллашди», - деди Қонунчилик палатаси депутати.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида депутатларни танқид остига олганди.

«Халқ вакилларининг қатъий позицияси қаерда қолди? Мисол учун, қайси сенатор ёки депутат Солиқ сиёсати концепцияси ижроси билан қизиқиб, Молия вазирлиги ёки Давлат солиқ қўмитаси раҳбарларига сўров юборди?

Энг асосий камчилик шуки, Олий Мажлис ҳали-ҳануз ҳақиқий баҳс-мунозаралар майдонига айлангани йўқ.

Шу муносабат билан Олий Мажлис палаталарида қонунлар ижросини кўриб чиқиш, раҳбарлар ҳисоботини эшитиш билан чекланмасдан, бевосита жойлардаги аҳволни тизимли равишда ўрганиш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш амалиётини йўлга қўйиш зарур, деб ҳисоблайман», - деганди давлат раҳбари.

Top