23:11 / 28.11.2019
0
15526
Албания мудофаа вазири зилзила қурбонлари исмларини ўқиётиб йиғлаб юборди 

Албания мудофаа вазири Олта Жачка мамлакатда юз берган кучли зилзила қурбонлари исмларини ўқиётиб йиғлаб юборди.

Албанияда 26 ноябрга ўтар кечаси 6,4 магнитудали зилзила юз берди. Кучли силкинишлар пойтахт Тирана ва зилзила марказига энг яқин жойлашган Дуррес шаҳрида сезилган. Зилзила оқибатида бир неча уй қулаб тушган, улар вайроналари остида ҳали ҳам одамлар қолаётган бўлиши мумкин. Охирги маълумотларга кўра, 32 киши ҳалок бўлган, 658 киши жароҳатланган, 47 киши қутқариб олинган. 

Албанияда 28 ноябрда миллий байроқ кунига бағишланган тантаналар бекор қилиниб, миллий мотам эълон қилинган.

“Бу менинг энг оғир нутқим. Биз бузилган уйларни қайта қуришимиз мумкин, бироқ 26 ноябрдаги зилзилада ҳалок бўлган одамларнинг ҳаётини қайтара олмаймиз”, деб айтган мудофаа вазири.  

Шундан кейин вазир қурбонлар исмларини ўқишни бошлаган, бироқ рўйхатнинг ўртасига келганда, ўзини босолмай, йиғлаб юборган. 

Аввалроқ 25 киши бедарак йўқолгани маълум қилинганди. Уларни қидириш ишлари давом этмоқда. Қидирув-қутқарув операциясида бир нечта давлат мутахассислари иштирок этмоқда.

Июлда Албания президенти Илир Мета грециялик сейсмолог Акис Целентис маълумотларига таянган ҳолда бош вазир Эди Рама, бош вазир ўринбосари Эрион Браче ва мудофаа вазири Жачкани “Болқонда юз бериши мумкин бўлган фалокатли зилзилага” тайёрланишга чақирган. Бироқ Жачка президент чақириғига албаниялик сейсмологлар маълумотларига кўра фалокатли зилзила юз бериши эҳтимоли йўқлиги, унинг вазирлиги эса “табиий офатларга 30 йил ичида ҳар қачонгидан яхшироқ тайёр экани” билан жавоб берган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top