15:10 / 28.11.2019
5
20543
«Ўзбекистондаги пахта терими дунёдаги энг катта мажбурий меҳнат кампанияси эди» – Йонас Аструп
Йонас Аструп

Ўзбекистонда пахта терими учун болалар меҳнатидан фойдаланилишига бутунлай чек қўйилган, тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилган, деди сешанба куни Лондонда ўтган UzInvest форумида сўз олган Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош маслаҳатчиси Йонас Аструп.

Kun.uz мухбирининг Англия пойтахтидан хабар беришича, Йонас Аструп мамлакат яқин тарихидаги энг нозик мавзулардан бири бўлган масала ижобий ечим топаётгани ва бу ҳам инвесторлар учун муҳим сигналлардан бири эканини таъкидлаган.

«Уч йилдан буён оилам билан Тошкентда яшаяпман. Ўзбекистонга борсангиз, ҳамма жойда пахтани кўрасиз. Чой ичаётган пиёлангиздан тортиб, мана ҳозирги форумнинг логотипида ҳам пахта тасвири туширилган. Дарҳақиқат, ўтмишда мамлакат экин ерларининг 90 фоизга яқинига пахта экилган.

Пахта теримидаги мажбурий меҳнат масаласига келсак, бу – жуда жиддий муаммолардан бири бўлиб келаётган эди. Ўзбекистондаги пахта терими – биламизки, дунёдаги энг катта мажбурий меҳнат кампанияси эди. Ҳар йили куз ойларида 2,5 миллион киши пахта теримига чиқади. Бу мамлакат учун катта аҳамияти эга агротадбир бўлиб, энг нозик мавзулардан бири саналарди», – деган Аструпнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Халқаро меҳнат ташкилоти вакили сўнгги йиллардаги ислоҳотларга ҳам тўхталар экан, ҳукумат мажбурий ва болалар меҳнатига чек қўйиш бўйича қатъий позицияга ўтганига, мазкур масала президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ минбарида ҳам тилга олинганига урғу берди.

«ХМТ Ўзбекистонда пахта терими мавсумидаги болалар меҳнати масаласини 2013 йилдан, мажбурий меҳнат мавзусини 2015 йилдан буён мониторинг қилиб келмоқда. Ўтган йили ишчи, фермер, тадбиркор ва бошқалар билан 11 мингтача интервьюлар ўтказдик. Биринчи навбатда шуни айтмоқчиманки, эндиликда Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан тизимли равишда фойдаланилишига чек қўйилган. Бу масалани хотиржамлик билан кун тартибидан чиқариб ташласак ҳам бўлади.

Мажбурий меҳнатга келсак, ўрганишларимиз натижасида маълум бўлдики, охирги 3 йилда теримчиларга тўланадиган иш ҳақи 3 баробардан кўпроққа оширилган. Ҳукумат ишонч телефонларини ишга туширган, уларга Telegram ё WhatsApp орқали ҳам хабар юбориш мумкин. Ўтган йили мамлакат Меҳнат вазирлигига 2600та ҳолат бўйича хабар келиб тушган бўлиб, булар меҳнат инспекторлари томонидан 24-48 соат ичида ўрганиб чиқилган. Қолаверса, мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жарима миқдори бу йил 10 баробарга оширилди. Бу бўйича тез орада жиноий жавобгарлик ҳам киритилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, биз мамлакат саноатида хусусийлаштириш ва либерализация жараёнлари кетаётганининг гувоҳи бўлдик. Бугунга келиб, пахта етиштириш учун фойдаланиб келинган ерларнинг 63 фоизи тўқимачилик кластерлари ихтиёрига берилган.

Шунингдек, журналистлар мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳақида эркин ахборот беришмоқда – уларга бу каби муаммоларни ёритишда эркинлик берилган. Ҳукуматнинг инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти фаолларига нисбатан муносабати ўзгарган.

Бу чораларнинг самараси шу бўлдики, 2019 йилда теримчиларнинг 93 фоизи ўз хоҳиши билан пахта теришга чиқди. Мамлакатда тизимли мажбурий меҳнат энди йўқ. Бунга тизимли ёндашув билан эришилди. Албатта, ҳали айрим масалалар маҳаллий даражада учраб турибди», – дея қайд этди эксперт.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top