23:07 / 01.12.2019
2
5606
БМТ бош котиби инсониятни «табиатга қарши уруш олиб бормасликка» чақирди

Дунё “табиатга қарши урушни” тўхтатиши ва иқлим ўзгариши билан курашиш учун ўзида кўпроқ сиёсий ирода топа олиши лозим. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Мадридда ўтадиган иқлим бўйича саммит COP25 арафасида айтиб ўтди.  Унинг таъкидлашича, табиатга қарши урушни тўхтатишнинг имкони бор. 
        
“Илм-фаннинг таъкидлашича, биз буни қила оламиз”, деб айтган БМТ бош котиби.

“Биз ўсиб бораётган глобал иқлим инқирозига тўқнаш келмоқдамиз. Ортга қайтиб бўлмас нуқта олисда эмас, у кўз илғайдиган масофада ва биз томон ҳаракатланмоқда”, деб қўшимча қилган Гутерриш.

Унинг таъкидлашича. халқаро ҳамжамиятнинг бу йўналишдаги бугунги кундаги саъй-ҳаракатлари “мутлақ етарли” эмас. Бунинг сабабларидан бири – иқлим ўзгаришига олиб келувчи аниқ муаммоларни ҳал қилиш учун сиёсий ироданинг етишмаслигидир.

“Биз ер қазиш ва бурғилаш ишларини тўхтатишимиз ва тикланувчи энергия ҳамда табиий ечимлар таклиф этаётган улкан имкониятларни қўллашимиз лозим”, деб айтган БМТ бош котиби. Унинг таъкидлашича, кўплаб давлатлар бу мажбуриятларни бажармайдилар.

COP25 анжумани 2-13 декабрь кунлари Мадридда бўлиб ўтади. Унда 200 га яқин давлат делегациялари иштирок этиши кутилмоқда. Дастлаб анжуман Чили пойтахти Сантьягода ўтиши режалаштирилганди, бироқ ушбу давлатда норозилик намойишлари давом этаётгани сабабли уни Испания пойтахтига кўчиришга қарор қилинган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top