10:40 / 19.01.2020
0
98395
Трамп генерал Сулаймоний ўлдирилишининг янги тафсилотларини маълум қилди  
Фото: Susan Walsh/AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Флоридадаги Мар-а-Лаго вилласида Республикачилар партияси ҳомийлари учун ташкил этилган кечки овқатда эронлик генерал Қосим Сулаймонийни йўқ қилиш амалиётига унинг АҚШ ҳақидаги ножўя гаплари олиб келганини маълум қилди. Бу ҳақда тадбирда ёзиб олинган аудиоёзувларга таяниб The Washington Post ва CNN хабар берди. 

АҚШ оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, Трамп ўз нутқида Сулаймоний томонидан АҚШ манфаатлари ва элчихоналарига таҳдид билдирилгани ҳақида сўз очмаган, ваҳоланки у генералнинг йўқ қилинишини айнан шу сабаблар билан тушунтирганди. АҚШ президентининг таъкидлашича, АҚШ генерални йўқ қилиш амалиётини ўтказишдан икки ҳафта аввал унинг ортидан кузатув ўрнатган. Трампнинг айтишича, кузатув давомида Сулаймоний АҚШ ҳақида ножўя сўзлар айтгани қайд қилинган. 

“У бизнинг давлат ҳақида ножўя гаплар айтган, гўёки биз уларга ҳужум қилмоқчилигимиз, одамларни ўлдирмоқчилигимизни айтган. Мен шунда айтдим: “Менга қаранг, бу сафсатани яна қанча эшитамиз?”, деб Трампнинг аудиоёзувдаги сўзларини келтириб ўтган The Washington Post. Таъкидланишича, ҳомийлар Трампнинг бу гапларини олқишлар билан қаршилашган. Бундан ташқари, АҚШ президенти Сулаймонийни “йўл четидаги бомбалар отаси” деб атаган ва унинг зиммасига “қўл-оёғи йўқ ҳар бир қиз ва ўсмир учун” жавобгарликни юклаган. 

Трампнинг таъкидлашича, у Оқ уйдаги маслаҳатлашув хонасидан туриб амалиётнинг ҳар бир дақиқаси ортидан кузатган. АҚШ президенти йиғилганларга унга амалиётнинг бориши ва Сулаймонийнинг ўлдирилишига қанча қолгани ҳақида қандай ҳисобот бериб борилганини тасвирлаб берган.

“[Сулаймоний] яшашига яна 2 дақиқа 11 сония қолди, сэр. Улар зирҳланган автомобилда. Сэр, уларнинг яшашига тахминан бир дақиқа қолди, сэр, 30 сония. 10, 9, 8... Кейин бирданига “бум”. Улар энди йўқ, сэр”, деб тасвирлаб берган Трамп ҳарбийлар ҳисоботини. CNN’нинг таъкидлашича, ҳарбийлар амалиёт ортидан камералар ёрдамида кузатишган ва ўзлари кўраётганларни Трампга тасвирлаб туришган.

Шунингдек, Трамп тадбирдаги нутқида мудофаа бюджети 2,5 трлн долларгача оширилгани ва унинг пулларни сарфлаши ҳамда АҚШ қарзининг тобора ошиб бораётганини танқид қилувчиларга бефарқлик билан жавоб бериши билан мақтанган.  

Қосим Сулаймоний 3 январга ўтар кечаси Бағдод аэропорти яқинида америкалик ҳарбийларнинг зарбалари оқибатида ҳалок бўлганди.

Мавзу
Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эрон ташқи сиёсати бунёдкори, Яқин Шарқ бўйича бош стратеги, Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги «Кудс» махсус бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний Бағдоддаги аэропортда АҚШ президенти Дональд Трамп фармойишига биноан ўлдирилди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top