
Коронавирус тарқалганлиги сабабли ёпиб қўйилган Ухань шаҳрини йўллар тўсилгунига қадар 300 мингга яқин киши тарк этишга улгурган. Бу ҳақда Beijing News газетаси хабар берди.
Газетанинг маълумотига кўра, Пекин йўналишида 16та, Чаншага 42та ва Гуанчжоуга 26та поезд йўл олган.
Чоршанба куни Хитой ҳукумати вирус илк маротаба аниқланган ҳудуд 8,9 миллион (бошқа манбаларда 11 млн) аҳолига эга бўлган Хубэй вилоятидаги Ухань шаҳрини карантинга олиб ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Шаҳарга олиб борадиган барча йўллар ёпилди, шаҳар ичида ҳам жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди.
Пайшанба куни худди шундай қарор Хубэйдаги яна бир шаҳар - 7 миллион аҳолили Хуанган учун ҳам қабул қилинди. Хуанганга борадиган барча поезд ва самолётлар рейслари бекор қилинган, шунингдек шаҳар ички транспорти ҳаракати тўхтатилган.
Шунингдек, барча кенг кўламли тадбирларни - ой тақвими бўйича 25 январга белгиланган Янги йил байрами, оммавий сайллар, шу жумладан ибодатхоналардаги анъанавий ярмаркаларни бекор қилишга тўғрисида қарор қабул қилинган.
Расмийлар фикрича, янги вируснинг манбаи Ухандаги денгиз маҳсулотлари, қушлар, илон, қуён ва бошқа ҳайвонлар сотиладиган бозоридир.