19:40 / 24.01.2020
3
33624
Уханда коронавирусга қарши кураш доирасида зудлик билан янги шифохона қурилмоқда

Хитойда 2019-nCoV коронавируси тарқалишининг олдини олишга қаратилган чоралар кўриш давом этмоқда. Ҳозирги пайтга келиб ушбу вирусдан зарарланганлар сони минг нафарга яқинлашган. Шунингдек, ўлим ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Хубэй провинциясидаги 10та шаҳарда, шу жумладан, Уханда янги чекловлар жорий этилди. Фуқароларнинг ҳаракатини чеклашни назарда тутувчи бундай чоралар шаҳардан шаҳарга қараб ўзгариб боради.

Хитойда ушбу вирус билан зарарланиш билан боғлиқ жами 830 ҳолат қайд этилган, 26 киши ушбу вирусдан ўлим топган. Аввалроқ Хитой соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси вафот этганларнинг энг ёши 48 ёшда, энг кексаси эса 89 ёш бўлгани ҳақида маълум қилди.

Пайшанба куни илк марта Хубэй провинцияси ҳудудидан ташқарида, қўшни Хэбэй провинциясида ўлим ҳолати қайд этилди. Яна бир ўлим мамлакат шимолида, Ухандан 2 минг километр узоқликда, Россияга чегарадош бўлган Хэйлунцзян провинциясида рўй берган.

Вирусга қарши қатъий чоралар Пекинда ва Ҳонгконгда ҳам жорий этилган. Хитой пойтахтида Янги йил байрами билан боғлиқ барча оммавий тадбирлар бекор қилинган, шунингдек шаҳар марказидаги қадимий ҳудудга зиёрат учун кириш тақиқланган. Ҳонгконгда футбол бўйича премьер-лига ўйинлари ва халқаро карнавал бекор қилинган.

Макаода ҳам вирусдан зарарланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳудудда ҳам янги йил байрами тадбирлари бекор қилинган. Шунингдек, Буюк Хитой деворининг аксар ҳудудлари зиёратчилар учун ёпилган.

Уханда, шунингдек, нисбатан кичикроқ бўлган шаҳарлар бўлмиш Эчжоу ва Эньшида карантин ҳолати давом этмоқда. Уханда автобуслар, паромлар ва метро ҳаракати тўхтатилган, шаҳардан чиқувчи барча авиарейслар бекор қилинган, шаҳардан чиқувчи йўллардаги блокпостлар беркитилган. Шунингдек, шаҳардан чиқувчи барча рейслар ва поезд йўналишлари бекор қилинган. Ресторанлар, кафелар ва кинотеатрлар ёпиб қўйилган.

Шаҳар марказида шошилинч равишда минг нафар беморга мўлжалланган касалхона қурилмоқда.

Қурилиш ишларига 10 бульдозер ва 35 экскаватор жалб қилинган / AFP

ОАВ маълумотига кўра, қурилиш ишлари 3 февралга қадар якунланади.

Уханликлар ижтимоий тармоқларга шифохоналардаги улкан навбатлар тасвирланган видеолар ва фотоларни жойлаштиришмоқда.

Телевидениеда янги қурилаётган касалхона тиббий ресурслар тақчиллиги муаммосини ҳал этиши, унинг қурилишида тайёр блоклардан фойдаланилиши туфайли у тез тайёр бўлиши ҳақида маълум қилинган.

Жаҳондаги вазият
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирча ушбу вирус туфайли халқаро фавқулодда вазият эълон қилишга шошилмади. Бунга Хитойдан ташқарида вирус билан зарарланиш ҳолатлари деярли йўқлиги сабаб сифатида келтирилган.

Шу билан биргаликда, вазият фавқулодда тус олиши мумкинлиги истисно этилмаган.

«Бу Хитой учун фавқулодда вазият, аммо у ҳозирча дунё миқёсидаги соғлиқни сақлаш ҳолати учун фавқулодда вазиятга айлангани йўқ, аммо бундай бўлиши ҳам мумкин», деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус.

Пайшанба куни АҚШда ушбу вирусдан зарарланиш бўйича иккинчи ҳолат қайд этилгани гумон қилинди.

Жума куни эса Сингапурда ҳам ушбу вирусдан зарарланиш ҳолати аниқланди. Ҳозирда Хитойдан ташқаридаги энг кўп зарарланиш ҳолатлари Таиландда кузатилган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойда коронавируснинг тарқалиши сабабли эпидемиологик ҳолатдан хавотирланиш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини, чегара пунктларида барча чоралар кўрилганини маълум қилган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top