16:40 / 27.01.2020
0
8586
Мўғулистонда коронавирус хавфи туфайли мактаблар ва университетлар ёпилди

Мўғулистон ҳукумати янги типдаги коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатдаги барча университетларни, мактабларни ва бошқа таълим муассасаларини ёпишга қарор қилди. Маҳаллий нашрлар хабар беришича, ҳукуматнинг 26 январь куни ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида шундай қарор қабул қилинди.

Хабарларда айтилишича, ҳукумат республика фуқароларини барча оммавий тадбирларни ҳам бекор қилишга чақирган.

ОАВ маълумотига кўра, таълим муассасалари 27 январь кунидан 2 мартга қадар ёпилади. Шунингдек, Хитой билан чегарадаги ўтказиш пунктларида автотранспорт ва пиёдалар ҳаракатини чеклаш юзасидан ҳам кўрсатма берилган.

Бугунги кунгача Мўғулистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилмаган бўлсада, касалхоналарни вирусга чалинганларни қабул қилишга тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Касаллик ўчоғига айланган Хитойнинг Ухань шаҳрида мўғулистонлик 31 нафар талаба истиқомат қилаётгани, уларнинг барчаси 27 январга қадар ватанига қайтарилиши айтилмоқда.

2019 йилнинг декабрида Уханда пневмония тарқала бошлади. Кейинчалик бу янги коронавирус келтириб чиқарган касаллик экани аниқланди.

ХХР соғлиқни сақлаш қўмитаси хабар беришича, 26 январь кунининг ўзида ушбу вирусни юқтириб олганларнинг яна 24 нафари вафот этди ва жами қурбонлар сони 80 нафарга етди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитой ҳудудида ушбу касалликка чалинганлар сони 2794 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, 3800 нафардан ортиқ киши ушбу вирусни юқтириб олганликда гумон қилинмоқда.

Хитой ҳудудидан ташқарида ҳам 12та мамлакат ҳудудида ушбу вирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган: Ҳонгконгда 8, Макаода 5, Тайванда 4, Таиландда 7, Австралияда 5, Сингапурда 4, Япония, АҚШ, Малайзия ва Францияда 3тадан, Вьетнамда 2, Непалда эса 1та ҳолат.

Бундан аввалроқ, Франция туроператорлари касаба уюшмалари Хитойга 21 феврал кунига қадар сайёҳларни юборишни тўхтатишни тавсия қилгани маълум бўлганди. Бундан ташқари, Арманистон Хитойдан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тўхтатган. Қирғизистон Хитой билан чегараларини ёпган, Қозоғистон ушбу давлат билан визасиз режимни вақтинча тўхтатган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top