16:52 / 27.01.2020
1
60705
ТИВ Ухандан қайтган ўзбекистонлик талабаларга мурожаат билан чиқди
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Хавфли коронавирус ўчоғи бўлиб қолаётган Хитойнинг Хубей провинциясида 166 нафар Ўзбекистон фуқароси доимий асосда яшайди. Январь ойида провинцияга 14 нафар ўзбекистонлик борган.

Бу ҳақда Хитой Иммиграция бошқармаси берган дастлабки маълумотларга асосланиб, Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхайдаги бош консулхонаси маълум қилди.

Бундан олдин Хубей провинцияси маркази – карантиндаги Ухан шаҳрида яшовчи ўзбеклар асосан талабалар экани, уларнинг аксарият қисми семестр якунлангани туфайли ватанга қайтгани хабар қилинган эди. Эндиликда улардан шошилинч равишда масъуллар билан алоқага чиқиш сўралмоқда.

«26 январь куни Хитой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Ухан шаҳри ва Хубей провинциясининг унга яқин жойлашган бошқа шаҳарларида истиқомат қилувчиларнинг карантин ҳудудидан чиқиб кетишларига йўл қўймаслик бўйича чораларни кучайтирди. Расмий идоралар вирусни юқтирганлар, айниқса у ерда бўлиб турган хорижий фуқаролар профилактикасига катта эътибор қаратмоқда.

Элчихона Хитойнинг тегишли ҳукумат идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди, ҳамюртларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда ва улар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларга аҳолини саросимага солувчи миш-мишларни рад этувчи видеоматериалларни ҳамда зарурий эҳтиёт чораларини кўриш бўйича эслатмаларни жойлаштирмоқда.

Ҳозирда Хитой томони Ухан шаҳридан чет эл,  жумладан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишга қўйилган тақиқни бекор қилгани йўқ», – дея қўшимча қилинган Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин АҚШ, Франция ва Япония каби давлатлар Ухандан ўз фуқароларини эвакуация қилишга тайёрлана бошлагани хабар қилинган эди. Хитойда коронавирус қурбонлари сони 80 кишига етган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top