17:54 / 28.01.2020
0
8379
Ухань мэри шаҳар аҳолиси олдида айбдорлигини тан олиш белгиси сифатида истеъфога чиқишини маълум қилди
Фото: REUTERS / Stringer

Ухань мэри Чжоу Сяньван шаҳар аҳолиси олдида айбдорлигини тан олиш белгиси сифатида истеъфога чиқмоқчи. У бу ҳақда Хитой марказий телевидениесига берган интервьюсида маълум қилди.

«Агарда бу вирус тарқалишини тўхтатишга ёрдам берса, истеъфога чиқишни истардим ва шу тарзда узр сўраган бўлардим», - деди коронавирус ўчоғи бўлган шаҳар мэри. У шаҳарни ёпиб қўйиш «дарҳақиқат кескин чора» бўлганини айтди.

«Аҳолиси 10 миллиондан ортиқ шаҳарга келадиган бўлсак, инсоният тарихида биринчи марта ана шундай қарор қабул қилинди. Биз вирус тарқалишини тўхтатиш учун шаҳарни ёпдик, аммо шу билан тарихий жиҳатдан ёмон номга эга бўлдик», деди Чжоу Сяньван.

Гувоҳларнинг айтишларича, Ухандаги касалхоналарда тиббий текширувдан ўтишни истаётганлардан иборат улкан навбатлар юзага келган. Озиқ-овқат, тиббиёт ниқоблари етишмаслиги кузатилмоқда. 

2019 йил 31 декабрда Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум турга мансуб пневмония касаллиги пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Касалликка чалинганлар денгиз маҳсулотлари сотиладиган маҳаллий бозорда ишлайдиган одамлар эди. 

7 январь куни пневмонияни янги 2019-nCoV коронавируси келтириб чиқаргани аниқланди. 20 январда шифокорлар вируснинг одамдан одамга юқиш хусусиятига эга эканлигини маълум қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирусни юқтириб олиш оқибатида вафот этганлар сони 106 нафарга етган, вирусдан зарарланганлар сони 4500 нафардан ошган, яна 6973 киши вирусни юқтириб олишда гумонланмоқда. Шу вақтгача 60 киши соғайиб, шифохонадан чиқарилган.

Сўнгги бир кун ичида 26та ўлим ҳолати қайд этилган, шундан 24 нафари Уханда, 1 нафари Пекинда ва яна бир нафари Хайнань провинциясида.

Хитойдан ташқари, Ҳонгконг, Макао, Тайван, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия, Малайзия, Камбожа ва Германияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top