10:28 / 30.01.2020
0
25977
Болтон «олтинчи жаҳон уруши»га олиб келиши мумкин эди - Трамп
Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп 29 январда ўзининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтонни твиттер орқали кескин танқид қилди. Бунга эса Болтоннинг ҳали нашр этилмаган китобидаги баъзи маълумотларнинг матбуотга сизиб чиққани сабаб бўлган.

“Агар мен унга [Болтонга] қулоқ солганимда, биз аллақачон олтинчи жаҳон урушида бўлардик”, деб айтган Трамп.
 
Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, Болтон АҚШ маъмуриятидаги фаолияти давомида кўплаб хатоларга йўл қўйган.
 
“Кўпчилик “Буни қилманг, сэр” деганига қарамай, унга бу ишни бердим. У бу лавозимни эгаллагаши билан телевидение орқали [Шимолий Корея масаласини ҳал қилишда] “Ливия модели” ҳақида хато гапирган”, деб ёзган Трамп.

Унинг таъкидлашича, собиқ маслаҳатчиси истеъфога кетказилиши биланоқ “бу ёқимсиз ва алдам-қалдам китобни ёзган”. 

Аввалроқ ОАВ АҚШ маъмурияти Болтонни китобининг баъзи қисмлари чоп этилишига қарши экани, чунки улар махфий маълумот сақлашидан огоҳлантирганини маълум қилган.

Матбуотга Болтоннинг The Room Where It Happened: A White House Memoir (“Бу юз берган хона: Оқ уй ҳақидаги хотиралар”) деб номланган китобидаги баъзи маълумотлар сизиб чиққанди. Жумладан, уларда Трамп собиқ вице-президент Жо Байденга қарши Украинада тергов ўтказилиши илинжида Киевга ҳарбий ёрдамни ушлаб тургани таъкидланган.  

Болтоннинг китобини март ойида нашр этиш режалаштирилган. 

Болтон 2019 йил сентябрида АҚШ президенти фармони билан истеъфога чиқарилганди. Трамп ўз қарорини маслаҳатчисининг кўп таклифларга қарши бўлгани билан тушунтирган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top