09:58 / 02.02.2020
0
61660
Хитойдан ташқарида коронавирусдан илк ўлим қайд этилди. Вирусга қарши курашга Пентагон ва роботлар жалб қилинди

Хитойдан ташқарида коронавирусдан илк ўлим қайд қилинди. Бунгача вирус келтириб чиқарувчи зотилжамдан ўлиш ҳолатлари фақат Хитойда қайд қилинаётганди.

Фото: Aaron Favila / AP

Гап 1 февралда Филиппинда вафот этган 44 ёшли эркак ҳақида бормоқда. Бу ҳақда ЖССТнинг Филиппин бўлими твиттерда маълум қилди.

Таъкидланишича, эркак Филиппинда вирусга чалинган иккинчи одам бўлган.   

Бу Хитойдан ташқарида қайд қилинган вирусдан биринчи ўлим ҳисобланади.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда вирус бир кун ичида 45 кишининг ҳаётини олиб кетди. Айни вақтда ундан вафот этганлар сони 304 нафарни, касалланганлар 14380 нафарни ташкил қилмоқда. 

Бу орада вирусга қарши курашга Пентагон ва роботлар жалб қилинди.

Хитойнинг Гуанчжоу шаҳри шифохонасида вирусга чалинганларга роботлар хизмат кўрсатмоқда. Таъкидланишича, шифохонада сунъий онгга эга иккита робот беморларга овқат ва дори-дармон етказишда, чойшабларни ва чиқиндиларни йиғиштириб олишда қўлланмоқда.

Бундан ташқари, роботлар эшикларни оча олади ва зиналардан кўтарила олади. Электрон ёрдамчилар Пинг-Пинг ва Ан-Ан деб номланган бўлиб, бу икки ном қўшиб таржима қилинганда “тинчлик” маъносини беради.

Шунингдек, АҚШда вирусга қарши курашга Пентагон жалб қилинди. АҚШ мудофаа вазирлиги соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хитойдан қайтувчи фуқароларнинг карантинга жойлаштирилиши учун минг кишилик жой ажратиш ҳақидаги илтимосини қаноатлантирган.  

Пентагон Калифорниядаги иккита ҳамда Колорадо ва Техас штатларидаги биттадан иншоотни 29 февралгача тақдим этади. Ушбу объектларда ижтимоий хизматлар ва соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари хизмат кўрсатади.

Таъкидланишича, мудофаа вазирлиги фақат жойларнинг тақдим этилиши учун жавобгар ҳисобланади.

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top