16:30 / 04.02.2020
0
5669
«Мазкур муассасалар ЖССТ тавсиялари асосида жиҳозланган» — Вазирлик карантин ҳудудидаги шароитлар ҳақида

Президент фармойиши билан коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича тузилган республика махсус комиссияси 3 февраль куни ўтказган навбатдаги йиғилишида Хитойдаги фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ долзарб вазифалар муҳокама қилинди. 

Йиғилишда Ўзбекистон фуқароларини Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этилиб, дастлабки чартер рейслар 4-5 февраль кунлари амалга оширилиши, Пекин шаҳридан бугун келадиган биринчи чартер рейс йўловчилари махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиши маълум қилинган.

«Мазкур муассасалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида тўлиқ халқаро карантин талаблари асосида жиҳозланган. Хусусан, коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Соҳанинг етук мутахассислари томонидан Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказиш билан бир қаторда барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилади. Шунингдек, мазкур тиббиёт муассасаларида керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган», – дейди Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов.

Чартер рейсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича мутахассис ва эпидемиологлари шахсий ҳимоя воситаларида ҳамроҳлик қилишади. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилади. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур воситалар тақдим этилади. Мазкур самолётларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буюртмасига асосан мамлакатда қолиб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирган ҳамюртларимизга зарур антисептик ва дезинфекция воситалари етказилади ҳамда бепул берилади.

«Хитойдан келган фуқароларимиз ушбу касалликнинг яширин даврида, яъни 14 кун давомида қатъий карантинга олинади. Халқаро санитария — эпедимиология мезон ва талабларидан келиб чиқиб, барча хавфсизлик чоралари кўрилган. Шунинг учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига бундан ортиқча саросимага тушишнинг ҳожати йўқлигини яна бир бор эслатиб ўтади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top