11:13 / 05.02.2020
0
18376
Хитойдан яна бир чартер рейс Тошкентга келмоқда

Uzbekistan Airways авиакомпанияси Хитойдан Тошкентга яна бир чартер рейсни амалга оширди. Маҳаллий вақт билан соат 11:45да Ухандан келаётган самолёт Тошкент аэропортига қўнади.

Авиакомпания матбуот хизмати хабар беришича, самолётда 84 нафар йўловчи, экипаж аъзолари, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва замонавий ҳимоя воситалари билан таъминланган вирусология соҳаси мутахассислари бор.

Бу самолёт йўловчилари ҳам коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларида 14 кун давомида карантин ҳолатида сақланади.

Мазкур муассасалар тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланган бўлиб, диагностика воситаларининг зарур захиралари, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, шахсий ҳимоя воситалари, маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланган. Ухан шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 4 февраль куни Пекиндан 250 нафар ўзбекистонликни олиб учган Uzbekistan Airways'нинг Boeing-767 самолёти соат 17:21да Тошкентга қўнди. Бирламчи текширувлар натижасида олиб келинганларнинг ҳеч бирида коронавирус аломатлари аниқланмади.

«Тошкент халқаро аэропортига 4 февраль, соат 17.20 да қўнган биринчи рейсда 251 нафар фуқаролар, шу жумладан, 87 нафар аёл, 162 нафар эркак (улардан 3 нафари вояга етмаган болалар) келишди. Аэропортнинг санитария назорати пункти мутахассислари томонидан йўловчиларнинг тана ҳарорати портатив тепловизорлар ёрдамида ўлчанганида, ҳарорати юқори фуқаролар аниқланмади. 

Йўловчилар самолётдан тушишгач, шу ернинг ўзида уларнинг уст-боши ҳамда юклари тўлиқ зарарсизлантирилди. Шундан сўнг улар Тошкент вилоятидаги махсус тайёрланган санаторийга жойлаштирилди. У ерда 310та ўрин тайёрланган бўлиб, карантин ҳолатида 14 кун давомида тиббий кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланган», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Йўловчиларнинг вақтинча турар жой марказида бўлишига оид саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош офисига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилиш мумкин: +998 (71) 276-49-66.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top