11:32 / 09.02.2020
0
15422
Хитойдаги янги турдаги зотилжамга вақтинчалик ном берилди 

Хитой янги турдаги коронавирус 2019-nCoV келтириб чиқарувчи зотилжамни вақтинча NCP деб номлади. Аммо Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида ҳозирча унга халқаро ном берилмаган.  

Фото: REUTERS / China Daily

“Янги турдаги касалликка вақтинча “янги турдаги коронавирус келтириб чиқарувчи зотилжам” номини беришга қарор қилинди. Унинг инглиз тилидаги номланиши Novel Coronavirus Pneumonia бўлиб, қисқартмаси “NCP” шаклида”, деб маълум қилган Хитойнинг соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси.

ЖССТ фавқулодда қўмитасининг январь охирида бўлиб ўтган йиғилишида янги коронавирус авж олишини халқаро миқёсдаги фавқулодда ҳолат деб тан олишга қарор қилинганди. Ўшанда ЖССТ коронавирусга вақтинча “ўткир респиратор касаллик 2019-nCoV” деб ном берган. 2019-nCoV ёзувидаги рақамлар вирус аниқланган йилни, ҳарфлар эса “янги турдаги коронавирус”нинг инглиз тилидаги қисқартмасини англатади.

Биринчи навбатда бу жамоатчилик вакиллари Ухань шаҳри билан боғлиқ вирусга турли номлар, мисол учун, “Ухань коронавируси” деб ном бермасликлари мақсадида амалга оширилган.

Касалликка доимий ном бериш бўйича ҳозирча қарор қабул қилинмаган, у кейинроқ касалликлар ва соғлиқ билан боғлиқ муаммоларнинг халқаро статистик таснифланиши ёрдамида қабул қилинади.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони 811 нафарга етди, касалланганлар сони 37198 нафарни ташкил қилмоқда. Ундан бир ойдан сал кўпроқ вақт ичида 2002-2003 йилларда авж олган атипик зотилжам (SARS) эпидемиясидагидан кўпроқ одам вафот этди.  

Мавзу
Хитой коронавируси
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top