03:32 / 23.02.2020
0
7814
ХВЖ коронавируснинг жаҳон иқтисодиётига салбий таъсири юқори бўлиши мумкинлигини билдирди
Фото: EPA

Россия молия вазири Антон Силуанов ўтган ҳафтада коронавирус сабабли Хитой билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми пасайиши натижасида мамлакат иқтисодиёти кунига 1 млрд рублга яқин маблағ йўқотаётганини маълум қилганди.

Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева Хитойда коронавирус тарқалишининг жаҳон иқтисодиёти ривожига таъсири тўғрисида фикр билдирди.

Унинг сўзларига кўра, касаллик тарқалиши ХВЖнинг январь ойида эълон қилинган прогнозига ўзгартириш киритилишига олиб келади. Ўшанда 2020 йилда жаҳон иқтисодиёти ўтган йилга нисбатан 3,3 фоизга ўсиши тахмин қилинганди.

«Аммо кейин коронавирус Хитойдаги бизнес фаоллик пасайишига олиб келди», — деди Георгиева.

Агарда касаллик тарқалиши яқин вақт ичида тўхтаса, Хитой иқтисодиёти аввалги ҳолатига шу йилнинг иккинчи чорагида қайтади, бу эса жаҳон иқтисодиётига минимал салбий таъсир кўрсатади. Георгиеванинг қайд этишича, бу ҳолатда йил якунига кўра глобал иқтисодий ўсиш 3,2 фоизни ташкил этади.

«Аммо биз вирус бутун дунё бўйлаб тарқалганида иқтисодиётга ўта салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқдамиз», — деди Георгиева.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир глобал ҳамкорлик жуда зарур.

«Соғлиқни сақлаш тизими ёмон ривожланган давлатлар учун хатар мавжудлигини тан олиш вақти келди», — деди ХВЖ директори.

Россия молия вазири Антон Силуанов ўтган ҳафтада коронавирус сабабли Хитой билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми пасайиши натижасида мамлакат иқтисодиёти кунига 1 млрд рублга яқин маблағ йўқотаётганини маълум қилганди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Хитойдан ташқари яна 28 мамлакатда коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилган, охирги 24 соат ичида вирус яна икки мамлакат - Ливан ва Исроилга тарқалган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top