01:43 / 24.02.2020
0
16770
Трамп коронавирусга чалинган америкаликлар унинг розилигисиз уйга қайтарилганидан дарғазаб бўлган - ОАВ
Фото: Shutterstock

АҚШ давлат департаменти АҚШ президенти Дональд Трампни хабардор қилмасдан, Японияда 2 ҳафта карантинда турган Diamond Princess круиз лайнеридан соғлом америкаликлар билан бирга коронавирусга чалинган фуқароларни эвакуация қилишга қарор қилган. Бу эса Трампнинг ғазабини келтирган.  

Бу ҳақда Washington Post нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.  

АҚШ 17 февралда кемадан америкаликларни эвакуация қилишни якунлаган. Япония мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Йокогама портида турган кема бортидан Токио аэропортига эвакуация қилиниш учун 340 америкалик етказилган. Улар АҚШга келтирилгач, 14 кунлик карантинга жойлаштирилган. Кемада 40 америкаликда коронавирус аниқланган. Улар Япониядаги шифохоналарга даволаниш учун юборилган ва эвакуация қилинмаган. Бироқ аэропортга йўлда яна 14 америкалик коронавирусга чалингани маълум бўлган. Улар эвакуацияни амалга оширган самолётдаги бошқа одамлардан алоҳидаланиб, унинг махсус ҳудудига жойлаштирилган.   

Дастлаб Трампга круиз лайнеридан вирусга чалинмаган америкаликларгина эвакуация қилиниши, касалланганлар эса Японияда қолиши маълум қилинган. Президент соғлом йўловчилар билан бирга касалларнинг эвакуация қилинишини ножоиз деб топиб, бунга розилик берган. 

Бироқ кейинроқ давлат департаменти ва АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлигининг юқори лавозимли вакили президент розилигини олмай туриб, самолётга чиқариш олдидан коронавирус аниқланган 14 америкаликни ҳам эвакуация қилишга қарор қилган.  

Таъкидланишича, бу қарорни қабул қилган амалдорлар АҚШ ҳукуматининг касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси марказининг (CDC) тавсияларига амал қилишмаган. CDC эса касалланган америкаликларнинг соғлом йўловчилар билан бирга ташилиши вирус тарқалишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Оқ уй вакилларидан бирининг маълум қилишича, Трампни бундан хабардор қилиб қўймаслик “катта хато” бўлган. Унинг таъкидлашича, Трамп воқеадан хабар топгач “ўта дарғазаб бўлган”.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top