21:30 / 26.02.2020
1
6640
«Битта коляска учун 5 млн сўм ажратиляпти. Лекин 2та коляска олиняпти» — Ногиронлар уюшмаси раиси

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари олишга маблағ ажратилаётгани, лекин олинаётган воситаларнинг сифатига қаралмаётганини айтиб ўтди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси раиси Ойбек Исоқов Ўзбекистондаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммолари ҳақида гапирди.

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг энг катта муаммоси бу – тўсиқсиз муҳит яратилмаганлигидир. Чет элга борсангиз, шаҳарда жуда кўп ногиронларни кўрасиз. Бизда [кўчага] чиқсангиз, бирорта ногиронни кўрмайсиз. Улар уйда ўтиради. Уй қамоғида. Уй қамоғига уларни ким ўтирғизиб қўйди? Биз ўтирғизиб қўйдик. Чунки уларга тўсиқсиз муҳит яратиб бермадик. Бу масалани 20 йилдан бери гапиряпмиз», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ойбек Исоқов уюшма томонидан мониторинг ўтказилгани, бинолар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун мослашмагани, Тошкентда биноларнинг 10 фоизигина ногиронлар ҳаракатланишига мослаштирилганини айтиб ўтди.

Уюшма раиси томонидан айтиб ўтилган яна бир муаммо - ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш масаласи.  

«2019 йил ноябрида президент йиғилишида, ногиронларнинг 80 фоизини иш билан таъминлаш мумкинлиги айтилганди. Лекин бугунги кунга қадар ногиронларнинг 2 фоизигина иш билан таъминланган. 3 фоизлик квота бор, ишламаяпти. Ҳеч ким бу масалани кўтармаяпти. Нима учун 3 фоизлик квота ишламаяпти, нима учун жаримага тортилмаяпти?», дейди у 26 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда қуйи палатадаги Халқ демократик партиясининг қўшма йиғилишида.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

У ҳозирда ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари олишга маблағ ажратилаётгани, лекин уларнинг сифатига қаралмаётганига эътибор қаратди. 

«Мисол учун, айтаман. Давлат битта коляска олиш учун 5 миллион сўм ажратяпти. Биржада нима бўляпти? Ўша 5 миллион сўмга иккита аравача олиняпти. Хитойнинг очилганига бир кун бўлган фирмасидан. Эртага таъмирлаш учун уни топиб ҳам бўлмайди. Сонига югуряпмизда, сифатини унутяпмиз. Олинган аравача икки ойда бузилса, унда нима кераги бор, бир-биримизни алдаб?», дейди у.

Ойбек Исоқовнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда ногиронлар масаласи билан 10дан ортиқ вазирлик ва қўмиталар шуғулланяпти. 

«2000 йилдан бери ягона вазирлик йўқ. Ногиронлар муаммолари [билан шуғулланиш вазифаси]ни Меҳнат вазирлигига, кейин Соғлиқни сақлаш вазирлигига беришди. Уларнинг ўз муаммолари кўп. Ногиронлар муаммоси улар учун учинчи даражадаги нарса. Ягона ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ташкил этилиши керак. Бу нарса дунёдаги ҳамма давлатда бор, Ўзбекистондан ташқари. 

Ногиронга бугун аравача берганингиз билан у уйидан кўчага чиқолмаса, аравачанинг нима кераги бор?

Тизимли ўзгариш нима дегани? Бу – БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишдир. 10 йилдан бери ратификация қилмаяпмиз. Лекин нима учун ратификация қилмаяпмиз деган саволга ҳеч ким жавоб беролмайди.

Бу конвенцияни ратификация қилмасак, тизимли ўзгариш бўлмайди», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, МДҲ давлатлари орасида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилмаган 2та давлат қолган. Булар – Тожикистон ва Ўзбекистон. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top