15:47 / 26.02.2020
1
3542
Ўзбекистон аҳолисининг 77 фоизи жамоат транспортидан фойдаланиши маълум қилинди

Ўзбекистон аҳолисининг 77 фоизи жамоат транспортидан фойдаланади. Бу ҳақда бугун, 26 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ташкил этилган брифингда маълум қилинди.

Фото: KUN.UZ

Агентлик томонидан 2019 йилнинг декабрь ойида республика бўйича йўловчи ташиш транспорти хизматлари соҳасида уларнинг ҳуқуқлари қанчалик ҳимоя қилинганлигига баҳо бериш мақсадида 1661 нафар истеъмолчи орасида ижтимоий сўровнома ўтказилган. Сўровнома натижаларига кўра, 52,5 фоиз истеъмолчининг ҳуқуқи бузилгани, 63,9 фоизи ҳуқуқларини қайта тиклай олмагани, 73,7 фоизи эса ваколатли давлат органига бу ҳақда мурожаат қилмаганлиги маълум бўлди.

Сўровноманинг иккинчи бўлимида йўловчи ташиш транспорти хизматларидан фойдаланиш, транспорт хизматларини баҳолаш, истеъмолчиларнинг йўловчи ташиш транспорт хизматлари билан қониққанлик даражаси ўрганилди. Ўтказилган сўров натижалари таҳлил қилинганда, истеъмолчиларнинг 77 фоизи жамоат транспортидан фойдаланишини, 74,3 фоиз йўловчи томонидан транспортда янги йўналишларни очиш бўйича таклифлар берилган, 50 фоиздан ортиқ йўловчи қатнаётган автобус ва микроавтобуслар сони ва уларнинг хизмат сифати қониқтирмаслигини билдирган. 

Бундан ташқари, йўлкира учун тўланган пулга чипта берилмаслик, автобусларнинг бекатларда узоқ вақт туриб қолиши, автобус ва микроавтобусларда совитиш ва иситиш тизимининг ишламаслиги ҳамда бекатларда автобус қатнов жадвали (рақами ва қачон келиши) ҳақидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслиги баён қилинган. 

“Йўловчи ташиш транспорти - автобус ва микроавтобуслар ҳам бир қатор мажбуриятларга эга. Хусусан, автобусларнинг техник ҳолати ва қатнов вақти ўз меъёрида белгиланган бўлади. Автобус автошоҳбекатда 5 дақиқадан, оралиқдаги бекатларда 1 дақиқадан ортиқ турмаслиги керак. Бундан ташқари, автобусда дори қутисининг бўлиши ва йўловчилардан бирининг тоби қочганида, чиптачи томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиши керак. Қолаверса, ҳайдовчи ва чиптачи махсус формада хизмат кўрсатиши зарур. Агарда бундай қоидабузарликларга дуч келсангиз ва жамоат транспортларида ҳуқуқларингиз поймол бўлган тақдирда, агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефони ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг 1062 телефонига мурожаат қилишларингиз мумкин”, - деди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Ҳайитметов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top