20:42 / 27.02.2020
2
8070
Лукашенко Беларусь Россия билан интеграцияга "мажбур қилинаётгани"ни айтди

Унинг сўзларига кўра, мажбурлаш Россия ОАВнинг кенг миқёсдаги тарғиботи билан бирга олиб борилмоқда.

Фото: Aleksandr Shcherbak/TASS

Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат Россия билан интеграцияга тайёрлигини, аммо Россия томонидан бунга мажбур қилинаётганини айтди.

"Биз ҳар доимгидек интеграциясига мажбурловларсиз ҳақиқий интеграция тарафдоримиз. Иттифоқда янги атама пайдо бўлди - "интеграцияга мажбур қилиш". Қизиғи, бу интеграцияга Беларусни мажбур қилишдан бошланди", - деди Лукашенко Евросиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович билан учрашувда.

Лукашенко интеграцион ҳамкорликнинг ижобий намунаси сифатида Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцинни эслаб ўтди. 

"Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин даврида Беларусь томони доимо Россия билан иқтисодиёт, одамлар ҳаёти ва бошқаларда ҳақиқий интеграция ташаббуси билан чиққан. Суверенитет ва мустақилликни сақлаб қолган ҳолда. - Ўша пайтларда кимдир суверенлиги ва мустақиллигини йўқотиши тўғрисида умуман гапирмагандик. Бойиб кетишгач эса, айниқса Россия, тушунарсиз ишлар бошланди. Айтиб ўтганимдек, интеграцияга мажбур қилиш", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, мажбурлаш Россия ОАВнинг кенг миқёсдаги тарғиботи билан бирга олиб борилмоқда. Лукашенко Россия президенти Владимир Путинга ана шундай мақолалар тўпламини топширганини айтди.

Февраль ўрталарида Беларусь раҳбари Россия раҳбарияти томонидан энергия ташувчиларига ягона нарх эвазига республиканинг Россияга қўшилишига шама қилинаётганини айтганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top