20:45 / 27.02.2020
0
24099
Президент Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига топшириқлар берди

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда расман иш билан банд бўлмаган 1 миллион 400 мингга яқин аёллар ва ёшлар бор. Хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 13 фоиз, ёшларда эса 15 фоизни ташкил этмоқда. Фарғона, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткич юқори.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 февраль куни тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳокимлар билан биргаликда янги кичик саноат зоналари учун бўш ер майдонларини аниқлаб, инфратузилма билан таъминлаш вазифаси юклатилди. 

Фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни камбағал аҳолига ажратиб бериш, зарур жойларда артезиан ва қудуқлар қазиш бўйича топшириқ берилди.

«Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, касбий малакасини ошириш орқали камбағалликни камайтириш энг асосий масала ҳисобланади. Ҳозирги кунда мамлакатда расман иш билан банд бўлмаган 1 миллион 400 мингга яқин аёллар ва ёшлар бор. Хотин-қизлар ўртасида ишсизлик даражаси 13 фоиз, ёшларда эса 15 фоизни ташкил этмоқда. Фарғона, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида бу кўрсаткич юқори. Шу билан бирга, бугунги кунда қурилишда 104 минг, коммунал соҳада 71 минг, хизмат кўрсатиш соҳасида 68 минг, енгил саноатда 46 минг нафар мутахассисга эҳтиёж мавжуд», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шу каби талаб бор жойларга малакали мутахассислар етказиб бериш, бандликни таъминлаш учун ҳар бир ҳудудда ишсиз аҳолини тадбиркорликка ўқитиш курслари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Ўқиш якуни бўйича Кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги томонидан танлов эълон қилиниб, энг илғор лойиҳа учун «стартап»га 20 миллион сўм миқдорида грант ажратилади. Ҳокимлар ҳам маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан илғор тадбиркорлик лойиҳаларига грантлар беради.

Касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп фарзандли аёллар, ишсизлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган ҳунарлар, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишларда касбга ўргатиш курслари ташкил этилади. Бунинг учун маҳалла идоралари ёки ҳудуддаги бинолардан жой ажратилиб, зарур жиҳозлар билан таъминланади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига «Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш дастури»ни ишлаб чиқиб, талабгорлар рўйхатини шакллантириш бўйича кўрсатма берилди.

Қатор ҳудудларда касбга ўқитиш борасидаги ишлар кескин танқид қилинди. Жумладан, Қорақалпоғистоннинг 11 туманида, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 9тадан, Сурхондарёнинг 7, Жиззахнинг 5 туманида бирорта ҳам бундай марказлар йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Касбга тайёрлаш марказларини ташкил этишга нодавлат ташкилотларни фаол жалб қилиш, улар ўртасида энг яхши касбга тайёрлаш ўқув дастури бўйича танлов ўтказиб, ғолибларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан грант ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳар бир ҳудудда «Ишга марҳамат» моно-марказлари ҳамда касбга тайёрлаш марказлари ташкил этиб, ишсизларга касбий билим ва кўникмалар, шунингдек, эҳтиёжга қараб хорижий тилларни ҳам ўргатиш вазифаси қўйилди.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасидаги маблағларнинг 70 фоизи камбағал аҳолига иш ўрни яратишни назарда тутувчи кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларига йўналтирилиши белгиланди. Шунингдек, камбағал кишини ишга олган корхоналарга банк кредитлари бўйича қулайликлар берилиши айтилди.

Ахборот технологиялари соҳаси бир томондан бизнесга кўмаклашувчи восита, иккинчи тарафдан бизнеснинг алоҳида йўналишидир. Шу боис ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлганларга тушунарли бўлган интерактив мобил иловалар, барча саволларга жавоб берадиган «бизнес навигатор»лар яратиш зарур.

Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига тижорат банклари билан бирга содда тилда тайёр бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиб, одамларга таклиф этиш бўйича кўрсатма берилди. Бу бизнес лойиҳаларда харажат ва даромад билан боғлиқ барча ҳисоб-китоблар, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот миқдори каби масалалар «ипидан-игнасигача» аниқ бўлади.

Жойлардаги мулоқотлар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ушбу лойиҳалар ҳақида аҳолининг барча қатламига етказиш кераклиги қайд этилди.

Савдо-кўнгилочар марказларни кўпайтириш ҳамда кўчма савдони ривожлантириш, бу борадаги ортиқча чекловларни олиб ташлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда Бош вазир қабулхоналари давлат ва тадбиркор ўртасидаги «кўприк» вазифасини бажариши, тадбиркорлик ташаббусларининг амалга ошишига ҳар томонлама кўмаклашиши шартлиги таъкидланди.

Жорий йил 1 мартдан бошлаб иқтисодий комплекс идоралари фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими ҳамда Ҳудудларда тадбиркорлик ривожланиши индекси жорий этилмоқда. Аҳоли ўртасида очиқ ва яширин сўровлар ўтказиш орқали уларнинг иқтисодий комплекс ташкилотларига бўлган муносабати ўрганиб борилади. Натижаларга қараб, муайян ҳудуддаги иқтисодий комплекс раҳбарлари фаолияти «намунали», «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» деб топилади. Ижобий баҳоланганлар рағбатлантирилади ва паст баҳо олганларига жазо чоралари кўрилади. Баҳолаш натижалари бир йилда икки маротаба Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари вилоят кенгашларида ва ҳукуматда муҳокама қилинади.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top