21:20 / 27.02.2020
13
27182
«Хотиржамликка берилмаслик керак». Вазир коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича видеоселектор ўтказди

Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган видеоселекторда коронавирус инфекцияси олдини олиш бўйича қатъий чоралар белгилаб берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида янги турдаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик вазият ва касаллик тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, унда вазирликнинг марказий аппарати масъуллари, республика даволаш муассасалари раҳбарлари, олий тиббий таълим ўқув юртлари ректорлари ва вазирликнинг худудлардаги қуйи тизим мутахассислари билан бирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси  вакиллари ҳам иштирок этишди.

«Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов раҳбарлигида ўтказилган мазкур видеоселекторда дунёдаги ана шундай мураккаб эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар, жумладан, президентимизнинг шу йил 29 январдаги «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида»ги фармойишида кўзда тутилган вазифалар таҳлил қилинди. Коронавирус инфекциясини олдини олиш бўйича профилактик ва эпидемияга қарши кураш тадбирлари бўйича мавжуд масала  ва амалга оширилиши долзарб бўлган вазифалар муҳокама қилинди.

Айни пайтда мамлакатимизга юқумли касалликлар, жумладан, COVID19 инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида, давлат чегараларида 53та санитария-карантин пунктлари (СКП) халқаро талаб ва мезонлар асосида фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу СКПларида бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Юртимизга коронавирусни аниқлаш бўйича замонавий тест-системалари, шунингдек, тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари, тиббий техника ва тиббий буюмлар захираси яратилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди», дейилади хабарда.

Шу йилнинг 15 январидан 26 февралигача бўлган муддатда Хитой Халқ Республикасидан келган 5 022 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 14 кунлик тиббий кузатув даври якунланган. Ҳозиргача мамлакатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолати қайд этилмаган.

«Аммо бундан хотиржамликка берилмаслик керак. Мамлакатимиздаги барча ҳаво ва темир йўлларда ташкил қилинган санитария-карантин пунктлари, ҳудудларда тузилган штаблар фаолиятини бугунги кун талабидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш, меҳмонхоналар ва корхоналар, маҳалла, ички ишлар органлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларга давлат томонидан қўйилаётган талаб, тавсияларни ўз вақтида етказиш, тиббий-патронаж хизматини янада яхшилаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Айниқса, эпидемия кенг тарқалган мамлакатлардан келган ҳар бир фуқарони тўлиқ 14 кунлик тиббий кузатувга олиш, бирламчи тиббиёт муассасаларининг врач ва патронаж ҳамширалари томонидан грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларини эрта аниқлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича вазифалар яна бир бор қатъий кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, хориждан келган фуқаролар орасида тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланганда, уларнинг барчасини коронавирус касаллигига махсус лаборатория текширувидан ўтказишга, шунингдек, касалликнинг тарқалиши олдини олиш ва изоляция қилиш мақсадида, оилавий поликлиника шифокорлари томонидан ҳарорати юқори бўлган беморларга уйида тиббий ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидлаб ўтилди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 82 минг нафардан ошди, 2800дан ортиқ ўлим ҳолати рўйхатга олинган. Ҳозиргача Хитойдан ташқари ушбу инфекция 47та давлатда аниқланди. Дунёда эпидемик вазият кун сайин ўзгариб, касаллик шиддат билан бошқа давлатларга ҳам тез тарқалмоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top