18:08 / 04.03.2020
0
2853
Эксперт: ҳар бир фуқаро йилига 165 кг.дан 500 кг.гача чиқинди ташламоқда

Пойтахт маиший чиқиндилари ташланадиган Оҳангарондаги полигон 98 фоизга тўлиб бўлган. Уни қайта ишлаш жуда паст даражада, тахминан 15 фоиз. Яқин келажакда уни 30 фоизга етказиб, келгусида ошириб бориш мўлжалланган

Фото: KUN.UZ

Бугун, 4 март куни, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг рақамли ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда инновацияларни жорий этишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда бу йирик лойиҳа доирасида “Махсустранс” ДУК билан биргаликда ахлатни саралаш муаммосини ҳал қилишда “туртиш назарияси”ни қўллаш, яъни аҳолини чиқинди ташлашга бўлган муносабатини ўзгартириш бўйича тажриба ўтказилгани маълум қилинди. 

БМТ Тараққиёт дастурининг инновацион тадқиқотлар бўйича координатори Нодира Муҳаммадқулова чиқиндилар билан боғлиқ вазиятни изоҳларкан шундай деди:

– Ҳар бир фуқаро йилига 165 кг.дан 500 кг.гача чиқинди ташламоқда. Бу кўрсаткич мавсумга қараб ўзгариб боради. Ўзбекистонда 2 млрд. тоннадан ортиқ чиқинди тўпланиб қолган ва бу кўрсаткич ортиб боряпти. Йилига 35 млн. тонна маиший ва 100 млн. тоннадан ортиқ саноат чиқиндилари чиқарилмоқда. Фақат чиқиндиларни саралаш ва кенг кўламли қайта ишлаш муаммонинг ечими бўла олади. Тошкент шаҳри чиқиндилари ташланадиган Оҳангарон полигони 1966 йилда қурилган ва деярли тўлиб бўлган. Ҳозир чиқиндилар шунчаки кўмиляпти. Қайта ишлаш даражамиз жуда паст, ҳолбуки ривожланган давлатларда чиқиндини қайта ишлаш саноат даражасига чиққан.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top