19:59 / 07.03.2020
0
3887
Bloomberg жаҳон иқтисодиёти коронавирус сабабли 2,7 трлн доллар зарар кўриши мумкинлигини маълум қилди

Агарда касаллик тарқалиши АҚШ, Ҳиндистон, Буюк Британия, Канада ва Бразилияда ҳам авж олиб кетса, бу жаҳондаги энг йирик иқтисодиётга эга ўнта давлатнинг иқтисодий ўсиши секинлашишини билдиради.

Фото: EPA

Янги коронавирус эпидемияси сабабли жаҳон иқтисодиёти коронавирус сабабли 2,7 трлн долларгача зарар кўриши мумкин, деб огоҳлантирди Bloomberg экспертлари. Улар ушбу касаллик ривожланиши билан боғлиқ тўрт хил сценарийни тасвирлади. 

Энг яхши сценарийга кўра, Хитой касаллик устидан тезкорлик билан назорат ўрнатади ва иккинчи чоракда унинг оқибатларини бартараф этади. Жаҳон иқтисодиётига коронавирус таъсири сезиларсиз бўлади, деб тахмин қилмоқда экспертлар.

Иккинчи сценарийга кўра, Хитой коронавирусни дарҳол бартараф эта олмайди. Шу билан бирга, Жанубий Корея, Италия, Япония, Франция ва Германияда касалликнинг авж олиши бу давлатларнинг иқтисодиётига зарар етказади, дея қайд этади экспертлар. Уларнинг ҳисоб-китобига кўра, мазкур ҳолатда 2020 йилда иқтисодиётнинг ўсиши илгари тахмин қилинганидек 3,1 эмас, 2,2 фоиз бўлади.

Агарда касаллик тарқалиши АҚШ, Ҳиндистон, Буюк Британия, Канада ва Бразилияда ҳам авж олиб кетса, бу жаҳондаги энг йирик иқтисодиётга эга ўнта давлатнинг иқтисодий ўсиши секинлашишини билдиради, чунки улар кучларини вирус тарқалишига қарши курашга сафарбар этади. У ҳолда глобал иқтисодиётнинг 2020 йилдаги ўсиш суръати 1,2 фоизгача тушади, Евроҳудуд ва Япония рецессияга дучор бўлади.

Экспертлар тўртинчи сценарийда энг салбий ҳолатни тахмин қилмоқда. Вирус барча мамлакатларга тарқаладиган бўлса, жаҳон иқтисодиёти 2,7 трлн долларгача зарар кўради, ўсиш эса нолга тенг бўлади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг маълумотига кўра эса, коронавирус кенг миқёсда тарқаладиган бўлса, 2020 йилда глобал глобал иқтисодиётнинг ўсиши икки бараварга секинлашиб, 1,4-1,5 фоизни ташкил этади. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top