14:13 / 16.03.2020
26730
Хитойда коронавирус билан касалланганларнинг деярли 84 фоизи тузалди

Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланган беморлар сони кундан кунга камаймоқда, ҳозирги пайтда 9 898 киши касалхоналарда қолмоқда. Шу билан бирга, ХХРнинг Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, барча касалланганларнинг 84 фоизи тузалиб кетди

Фото: REUTERS

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойнинг материк қисмида коронавирус инфекцияси билан касалланишнинг тасдиқланган ҳолатлари сони 80 860 кишига етди, шундан 67 749 киши даволанди ва касалхонадан чиқарилди, бу умумий ҳолатларнинг 83,78 фоизини ташкил этади, деб хабар берди РИА Новости.

Эпидемия бошлангандан бери, Хубэй провинциясидан ташқари, Хитой бўйлаб 13 622 касалланиш ҳолати қайд этилди, улардан 114таси ўлим билан якунланди, ўлим даражаси 0,87 фоизга тенг. Эпидемиянинг маркази Хубэй провинциясида 67 798та касалланиш ҳолати аниқланди, 3 099 киши вафот этди, ўлим даражаси 4,57 фоизни ташкил қилди.

Шу билан бирга, Хубэй провинциясининг Ухан шаҳрида ўлим даражаси 4,93 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, эпидемия 3 213 кишининг ҳаётига зомин бўлди, мамлакатда ўртача ўлим даражаси 3,97 фоизга тенг бўлди.

2019 йил 31 декабрь куни Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатнинг марказий қисмидаги (Хубэй провинцияси) Ухан шаҳрида номаълум пневмония касаллиги авж олгани ҳақида хабардор қилди. Мутахассислар касалликнинг қўзғатувчиси янги коронавирус эканини аниқладилар, кейинчалик касаллик расмий равишда COVID-19 деб номланди.

ЖССТ 11 март куни дунёда янги коронавирус пандемиясини эълон қилди. ХХР Давлат соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси 12 март куни мамлакатда эпидемиянинг энг юқори чўққисидан ўтилганини билдирди. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top