20:33 / 27.03.2020
86039
Глобал карантин. Дунё янги даврга ўтмоқда

Сўнгги кунларда янги турдаги коронавирус пандемияси дунё кун тартибидаги ягона долзарб масала бўлиб турибди. Вируснинг тез тарқалиши барча секторлар ва ижтимоий қатламларни ўз таъсири остига олиб улгурди.

Фото: Reuters

Қуйидаги мақолада мавжуд вазият ва коронавирусдан кейин дунё манзараси қандай ўзгаришларга юз тутиши ҳақида атрофлича мушоҳада юритилади.

Дунё янги давр бўсағасидами?

Ушбу босқичда оқибатлар тўғрисида аниқ бир фикр айтиш қийин бўлса-да, эпидемия юзага келтирган илк натижаларга таянган ҳолда, баъзи бир мулоҳазаларни билдириш мумкин. Айни пайтдаги вазиятни ҳисобга олсак, Covid-19’нинг авж олиши иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва ижтимоий даражада жиддий ўзгаришларга сабаб бўлаётгани ва сабаб бўлиши ойдинлашади. Чунки коронавируснинг янги тури деярли барча соҳаларда, хусусан иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати негизида жиддий муаммо ва ташвишлар келтириб чиқармоқда. Таъбир жоиз бўлса, вирус асоратлари дунё психологик нуқтайи назардан янги бир даврга кирганини кўрсатмоқда.

Кутилмаганда содир бўлган бундай инқирозлар биринчи навбатда кескин муносабатларни келтириб чиқариши табиий. Бироқ дунёнинг кўплаб минтақаларида можаролар давом этаётган, БМТ ўз вазифасини бажара олмай қолган, Ғарб «ғарблик»ни муҳокама қилаётган ва муаммоларини ҳал эта олмаётган бир даврда тарқалган Covid-19 эпидемияси дунё тарихининг энг муҳим лаҳзаларидан бири сифатида тарихга кириши мумкин. Эҳтимол, яқинда тарихий жараён коронавирусдан олдинги ва коронавирусдан кейинги даврларга ажратилса, ажабмас.

Муаммолар ечим топмайдими?

Совуқ урушдан сўнг глобаллашув, янги дунё тартиблари ва кўп қутблилик мунозаралари кун тартибига кўтарилган бўлса, Covid-19 авж олиши глобаллашувни кутилмаганда карантинга олди ва шу тариқа глобаллашув жараёнидаги силжишни сўроқ остига қўйди. Қолаверса, АҚШнинг ушбу эпидемияга қарши курашдаги ҳолати ҳокимиятнинг гегемоник тенденцияси ва қиёфасига путур етказди. Шу билан бир қаторда, янги дунё тартиботи ҳимоячиларининг ҳам ўз «насиба»ларини олишга мажбур қилди.

Агар янги турдаги коронавирус тарқалиши қисқа муддатда бартараф этилмаса, глобаллашув ва янги дунё тартибларига улкан зарар етадиганга ўхшайди. Кўп қутблилик мунозараларининг йўли нисбатан равшан кўринаётган бўлса-да, Хитойнинг эпидемияга қарши курашдаги тутуми дунёдаги муаммолар ечим топмайди, балки турланиб-тусланиб ўзгаришда давом этаверади, деган хавотирни кучайтирмоқда.

Коронавируснинг жаҳон тизимидаги илк сиёсий қиёфаси давлатлар дуч келадиган қийинчиликлар, уларнинг муносабати ва олинган натижалар орқали «чизилиши» мумкин. Инқирозни бошқариш, соғлиқни сақлаш инфратузилмаси, кексалар билан умумий ҳаёт, гигиенага оид қоидалар, диний-маданий кодлар, кексалар сони ва иқтисодий имконият каби омиллар Covid-19’га қарши курашда асосий фактор сифатида ўртага чиқади.

Сценарийми ё кутилмаган вазият?

Хитой маъмурияти вирус мавжудлиги ҳақида бошқа давлатларга ўз вақтида хабар бермаганликда айбланмоқда. Бошқа бир айблов эса 2007 йилда нашр этилган бир илмий мақолада Хитойнинг озиқ-овқат маданиятидаги экзотик ҳайвонлар янги вирус хавфини келтириб чиқариши мумкинлиги айтилгани, аммо Хитой зарурий чораларни ўз вақтида кўрмаганидан келиб чиқди.

Бундан ташқари, вирус тарқалишининг дастлабки кунларида Хитой маъмурияти томонидан кўрилган қатъий чоралар ва вирус қўзғаган ваҳима муҳитига қаршилик кўрсатиш Хитой халқининг маъмуриятга нисбатан ишончсизлигини ҳам ўртага қўяётган эди. Бошқа томондан, вируснинг лаборатория тадқиқотлари орқали тарқатилгани ҳақидаги мунозаралар ҳам Хитойга бўлган ишончни бўғувчи омиллардан бирига айланди. Шунга ўхшаш, 2003 йил SARS эпидемияси пайтида дунёни кеч хабардор қилгани Хитойнинг бизга тушунтириб берадиган кўплаб муаммолари борлигидан далолатдир.

Ёрдамми, гегемония тарғиботими?

Хитой вируснинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий даражадаги салбий таъсирига биринчи бўлиб дуч келди. Аммо сўнгги янгиликларида эпидемия назоратга олингани ва ушбу мамлакат вирусга қарши курашда ғолиб бўлгани ҳақида баралла айтилмоқда.

Бу каби янгиликлардан сўнг Хитойнинг кўмакка муҳтож бошқа мамлакатларга дарҳол ёрдамга чопиши гегемониянинг ўзига хос тарғиботи сифатида баҳоланмоқда. Бошқача қилиб айтганда, вирус тарқалиши жараёнида кўплаб саволларга жавоб бериши керак бўлган Хитой вирусни енгганини оламшумул ғалабага айлантирди ва шу кайфият билан «дунёни қутқариш учун чўзилган ёрдам қўли» имижини яратиш тадоригини кўрмоқда. Эпидемия даврида Хитой аввалига мункиб кетган бўлса-да, тезда оёққа туриб олди. Энди эса дунёдаги ўзининг янги доминант ролига тайёргарлик кўришни бошлаб юборди.

АҚШ сайловларида нима ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин?

Фото: Reuters

АҚШда эса Трамп маъмурияти дастлаб ушбу эпидемияни жиддий таҳдид сифатида қабул қилмади. Шу сабабли эпидемияга қарши эҳтиёт чораларини кўришда сезиларли кечикиш кузатилди. Бундан ташқари, АҚШда соғлиқни сақлаш хизматларини бошқариш харажатлари ва мутахассисларнинг етишмаслиги танқид нишонига айланди. Соғлиқни сақлаш тизимига хусусий суғурта компаниялари таъсирининг интенсивлиги ва Трамп маъмуриятининг катта харажатлари туфайли «Оbamacare» номи билан танилган соғлиқни сақлаш ислоҳотини бекор қилиниши айни пайтдаги муаммоларнинг туб асосидир.

Пировардида соғлиқни сақлаш тизимидаги етишмовчилик бўйича давом этаётган мунозаралар АҚШ сайловларида ҳал қилувчи рол ўйнаши мумкин. АҚШ соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва уларнинг олдини олиш чораларининг кечиктирилиши вирусга қарши курашда мамлакатнинг жиддий зарарланиш эҳтимолини оширади. Мавжуд вазиятга кўра, АҚШ Covid-19’га қарши курашда (ҳеч бўлмаганда қисқа муддатда) муваффақиятга эришолмайдиганга ўхшайди. Вирус дунёни чирмовуқдай чирмаб олган бир пайтда бошқа давлатлар ёрдам сўраб мурожаат қилувчи биринчи мамлакат сифатида кўриладиган АҚШ Covid-19 эпидемиясидан сўнг ўз муаммолари билан андармон бўлиши, ўз ичига қамалиб олиши эҳтимолдан холи эмас.

Европадаги бўшлиқни ким тўлдиради?

Европа томонда эса вазият янада мураккаб. Вирус тез тарқалган давлатлардан бири – Италияда ҳукумат инқироз жараёнини бошқаришда жиддий камчиликларга йўл қўйгани аён бўлди. Кўрилажак чора-тадбирларнинг кечикиши, соғлиқни сақлаш тизимидаги кемтиклар, кекса ёшдаги аҳолининг юқори даражаси – вирус тез тарқалишининг муҳим омили бўлди.

Covid-19 эпидемиясига қарши курашда Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларидан ёрдам сўраган Италиянинг керакли жавобни ўз вақтида ололмагани, бу ҳам етмагандай, мазкур ҳола «Европа ҳамжамияти учун салбий ишора» сифатида баҳоланиши Европа Иттифоқининг сиёсий инқирозини яна бир бор очиб берди. Худди шундай, Сербия президенти Александар Вучичнинг «Европа ҳамжамияти – бу ширин эртакдан бошқа нарса эмас», деб берган баёноти ҳам Европа Иттифоқи «Брексит»дан кейинги даврда ўз яхлитлигини йўқотганлигини ифодалайди. Эпидемиянинг ўлимчил таъсирига учраган Европа мамлакатлари зудлик билан Хитой ва Россиядан ёрдам олгани ҳам иттифоқ заифлигини ва пайдо бўлган бўшлиқ кимлар томонидан тўлдирилишига ишора қилаётгандай, назаримизда.

Британия нима учун «синфда қолди»?

Ўз навбатида, Британия Covid-19’га қарши курашда «пода иммунитети» деб номланган фарқли усулни қўллади. Вируснинг табиий тарқалиш жараёнига одамларнинг иммунитети орқали қарши курашишни кўзда турувчи мазкур методнинг ягона амалиётчиси Британия ҳукумати бўлгани реакцияни баттар кучайтириб юборди. Ҳукумат илмий доираларнинг кескин муносабатидан сўнг усулни ўзгартиришга қарор қилган бўлса-да, бу жараёнда намоён бўлган заифлик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни Британия ҳукумати ҳам жараённи бошқариш масаласида «синфда қолди». Эпидемияга қарши курашдаги фаолият Бош вазир Борис Жонсоннинг сиёсий мартабаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши аниқ.

Улар нега танқид қилинмоқда?

Эпидемия салбий таъсир кўрсатган Франция ҳам зарур чораларни ўз вақтида кўрмагани учун танқид қилинмоқда. Европада эпидемия тарқала бошлаган кунларда Францияда маҳаллий сайловларнинг биринчи даври ўтказилди. Ҳукумат биринчи босқичда Буюк Британиядан ўрнак олишни режа қилгани, шу ва шу каби бошқа сабабларга кўра, эпидемияга қарши курашда вақт қўлдан бой берилгани айтилмоқда.

Германиянинг юқумли касалликларга қарши курашда бошқа Европа мамлакатларига қараганда яхшироқ мавқега эгалиги унда етарлича синов тўпламлари мавжудлиги ва соғлиқни сақлаш тизими имкониятлари кучли экани билан изоҳланмоқда. Италиядан кейин эпидемиядан энг кўп азият чекаётган мамлакатлар – Испания ва эпидемиянинг ҳалокатли таъсирига дучор бўлган Эрон ҳам вирусга қарши курашда ўз вақтида кескин чоралар кўрмагани учун танқид қилинмоқда.

Шарқий Осиёда назорат қандай?

Жанубий Корея, Сеул Фото: AP/ТАСС

Шарқий Осиё мамлакатлари – Жанубий Корея, Сингапур, Тайван каби давлатлар ҳозирча Covid-19 тарқалишини назорат остида ушлаб турибди. Бунинг энг муҳим сабабларидан бири ушбу минтақада аввалроқ SARS вируси тарқалиши ортидан кўрилган чора-тадбирлар ва ушбу мамлакатларнинг Хитойга яқинлиги, шу боис муаммони жиддий қабул қилиб, кескин чора кўрилганидир. Жанубий Кореяда тестлар сони кўпайтирилиши ҳам курашнинг муҳим омили сифатида баҳоланмоқда. Хитойнинг дунёни безовта қилган ички сиёсатдаги қаттиқ ва ишончсиз муносабати унга қиёсан Шарқий Осиёдаги баъзи бошқа давлатларнинг ҳам бу жараёндан нисбатан камроқ зарар билан чиқишига ишора қилмоқда.

Олдинда нималар кутмоқда?

Брюссель, Бельгия Фото: AP/TAСС

Covid-19 авж олганидан кейин кўтарилган энг муҳим масалалар сифатида фавқулодда вазиятларга жавоб бериш қобилиятини кучайтириш учун давлат ҳокимиятини мустаҳкамлаш, рақамли дунёнинг ривожланиши ва виртуал муҳитдаги харидларнинг кенг миқёс касб этиши кўрилмоқда. Covid-19 фалокатининг иқтисодий оқибатлари, шунингдек, нефть қазиб олиш ва нархлар борасидаги тортишувлар ушбу соҳаларда Хитойга бир қатор афзалликларни тақдим этади.

Жараённинг ҳали кун тартибига кўтарилмаган яна бир масаласи халқларнинг бошқарув жараёнида янада кўпроқ иштирок этишни хоҳлаши бўлиши мумкин. Зотан, Covid-19 тарқалишига қарши курашда ҳукуматларнинг чора кўриш ва қарорларни ўзгартиришида жамоатчилик фикри ва талаби муҳим аҳамиятга эга бўлган жуда кўплаб ҳолатларга гувоҳ бўлдик. Хитой эпидемияга қарши курашда коммунистик тузумнинг шахс устидан ўрнатган мутлақ ҳукмронлиги ва назорат қилишнинг афзалликларидан фойдаланди. Ўз навбатида, Британия (ҳеч бўлмаганда биринчи босқичда) «пода иммунитети» методи билан курашда одамларнинг шахсий жавобгарлиги ва назоратини олдинги планга чиқаришни истади. Куннинг охирида эса ҳар икки методнинг ҳам заҳмати юзага қалқиб чиқди.

Энди бу жараёнда Жанубий Корея, Сингапур, Тайван, Германия ва Туркия моделлари саҳнага чиқиши, бунда эса соғлиқни сақлаш инфратузилмасининг ривожланганлиги, ўтмишдаги эпидемиялардан тўпланган тажриба, инқирозни бошқариш бўйича тезкор ва самарали қарорларни қабул қилиш механизмлари ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.

Алалоқибат...

Баъзан инқирозлар янги шаклланишларга, янги қарашларга ва янги дунёвий ўзгартиришларга йўл очади. Энг муҳими, инқирозни енгиб ўтиш мумкинлигига бўлган ишончни йўқотмаслик ва инқироздан чиқиш йўлларини кўришдир. Бундай кутилмаган инқирозларнинг узил-кесил олдини олиш имконсиздир, аммо уларни бошқариш мумкин. Инқирозни бошқаришга қодир бўлганлар эса алалоқибат дунёдаги ўзгариш ва эврилишларга энг кўп ҳисса қўшганларга айланадилар.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top