19:52 / 01.04.2020
35563
«Ўзбекконцерт»: Санъаткорлар карантин давридан буён 352 млн сўмдан ортиқ маблағни хайрия қилди

Санъаткорлар томонидан «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига 200 млн 500 минг сўм ҳамда кам таъминланган оилалар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун 152 млн сўм – жами 352 миллион 500 минг сўм хайрия маблағлари йўналтирилган.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда шу кунларда санъат аҳлининг жимиб қолгани, хайрия ишларида ҳам фаол эмаслиги ҳақида тарқалган фикрларга муносабат билдирди.

“Аслида миллат бошига оғир кунлар келганида санъаткорлар ҳам четда турмасдан, биринчилардан бўлиб, карантин даврида одамларнинг уйда ўтиришлари учун тайёрланаётган турли кўнгилочар кўрсатувлар-у, коронавирусдан ҳимояланиш учун нималарга амал қилиш кераклиги ҳақидаги турли челленжларда фаол иштирок этишмоқда.

 Бундан ташқари, санъаткорларимиз ҳам кўпчилик қатори халқимизнинг оғир кунларида юртимизда янги ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ва кам таъминланган оилалар, аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун ҳам хайрия ишларини амалга ошириб келишмоқда”, дейилади унда.  

“Ўзбекконцерт”нинг таъкидлашича, бундай ишлар хайрия бўлганлиги боис кўпчилик санъаткорлар томонидан ошкор қилинмасдан келинмоқда.

“Бугунги кунда бизга маълум бўлганларидан, карантин даврининг илк кунларидан то шу кунга қадар Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмонова, Фаррух Зокиров, Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Улуғбек Раҳматуллаев, Мавлуда Асалхўжаева, Ҳосила Раҳимова, Алишер Турдиев, Зиёда Қобилова, режиссёр Саъдулла Абдуллаев ҳамда бошқа санъаткорлар томонидан “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига 200 миллион 500 минг сўм ҳамда кам таъминланган оилалар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами учун 152 миллион сўм, умумий ҳисобда 352 миллион 500 минг сўм хайрия маблағлари йўналтирилган”, дея маълумот берилади муассаса томонидан ҳамда бу борадаги ишлар бундан буён ҳам фаол давом этиши таъкидланади. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top