17:24 / 04.04.2020
17415
Коронавирус етиб бормаган мамлакат. Ўзбекистонлик 20 нафар легионер фаолият бошлаган Тожикистон Олий лигасини кузатиш учун 5 сабаб

Бугунги кунда дунёнинг 200дан ортиқ мамлакатларида тарқалган коронавирус пандемияси туфайли халқаро мусобақалар, кубок, лига чемпионатлар ўйинлари тўхтатиб қўйилган бир пайтда, қўшни Тожикистон вирусдан холи мамлакат сифатида оддий ҳаёт тарзини давом эттирмоқда.

 Коронавирус ўчоғи саналмиш Хитой билан қўшни бўлган бу мамлакат Чин юртидаги касаллик авж олган пайт – қишдаёқ эҳтиёт чораларини кучайтирганди. Бугундан эса Тожикистонда расман янги футбол мавсумига старт берилади. Айни дамда дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам миллий чемпионат ўйинлари ўтказилмаётгани боис, қўшни мамлакат футболига эътиборни қаратамиз. Зеро, бу йилдан эътиборан Тожикистон Олий лигасида ўзбекистонлик легионерлар сони илк марта 20 нафарга етди. Қўшни давлат тарихида илк марта бир давлатдан шунча легионер фаолият бошлади.

 «Кўктош» - ТФФ кубоги ғолиби, мусобақанинг энг яхши футболчиси ўзбекистонлик

Тожикистондаги янги футбол мавсуми олдидан анъанавий тарзда март ойида ўтказиладиган Тожикистон футбол федерацияси кубоги финалида Рўдакий туманининг «Кўктош» клуби Кўлоб шаҳрининг «Равшан» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, илк марта турнир ғолиби бўлди. Душанбе шаҳрида 5200 томошабин қаршисида ўтган баҳсда жамоасининг ғалаба голига муаллифлик қилган ўзбекистонлик футболчи Муҳиддин Одилов мусобақанинг энг яхши футболчиси деб топилди. Футболчи ўтган мавсумдан буён «Кўктош» клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Клубнинг ўзбекча номлангани ҳам бежизга эмас. Маълум бўлишича, раҳбариятдан тортиб футболчиларгача асосан миллати ўзбек бўлган футболчилардир.

 

 10та клубдан 6тасида ўзбекистонлик футболчилар бор

Ҳисоб бўйича Тожикистон 29-миллий чемпионати ўйинлари 5 апрель, якшанба куни старт олади. Бу йил ҳам ўтган мавсумдагидек чемпионатда 10та клуб иштирок этади.

Булар: «Истиқлол» (Душанбе), «Хўжанд» (Хўжанд), «Локомотив-Помир» (Душанбе), «Регар-ТадАЗ» (Турсунзода), «Душанбе-83» (Душанбе), ЦСКА (Душанбе), «Хатлон» (Бохтар), «Кўктош» (Рўдакий), «Истаравшон» (Ўратепа) ва «Файзқанд» (Восе) клублари.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари учун бу мамлакатнинг асосан икки жамоаси нисбатан таниш. Булар – ОФК Кубогида иштирок этаётган Душанбенинг «Истиқлол» ва Сўғд вилоятининг «Хўжанд» клубларидир. Ушбу клублар қишки йиғинда Тошкентда Суперлига жамоалари билан ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишган. Эътиборлиси, 10 клубдан 6таси - «Хўжанд», «Регар-ТадАЗ», «Кўктош», ЦСКА, «Истаравшон», «Файзқанд» клубларида жами 20 нафар ўзбекистонлик футболчилар тўп суришади.

 Ўзбекистонлик энг кўп легионерлар йиғилган чемпионат

Янги мавсум олдидан Тожикистон клублари жами 42 нафар легионерни рўйхатдан ўтказишди. Шундан қарийб тенг ярми Ўзбекистондан - 20 нафар. Шунингдек, Африканинг Гана давлатидан 10 нафар легионер мавжуд.

Тожикистонда фаолият бошлаган ҳамюртларимизнинг бир қисми январь ойидаёқ янги клублари билан шартнома имзолаган бўлишса, аксарияти Суперлига бошланганидан кейин Тожикистон клублари таклифини қабул қилган. Яна бир жиҳати қўшни мамлакат Олий лигасининг аксарият клубларида ўз вақтида Ўзбекистон клубларида фаолият юритган тожикистонлик собиқ футболчилар мураббийлик қилишмоқда. Қолаверса, Тожикистон миллий жамоаси бош мураббийи ҳам ўзбекистонлик Усмон Тошев саналади.

 «Хўжанд»: Осиё чемпиони ва яна 3 футболчи

Ўзбекистонлик номдор футболчилар кўп бўлган клуб - «Хўжанд» жамоасидир. Ушбу клуб ОФК кубоги саралаш босқичи олдидан февраль ойи бошидаёқ ўзбекистонлик 4 футболчи билан келишувга эришганди. ОФК кубоги саралашида Қирғизистоннинг «Нефтчи» жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этган «Хўжанд» гуруҳ босқичига йўл олганди.

«Локомотив» клуби посбони Маъмур Икромов «Хўжанд» сафига ўтган. Шунингдек, «Пахтакор»га тегишли бўлган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпиони саналмиш ҳужумчи Андрей Сидоров, «Бунёдкор» ва ОКМК яримҳимоячиси Санжар Рихсибоев ва «Динамо» ҳимоячиси Сирож Ҳамроев ҳам бу йил хўжандликлар шарафини ҳимоя қилмоқда.

 «Регар ТадАЗ»: «Динамо» ва «Қўқон-1912» футболчиси шу ерда

Тожикистоннинг кўп карра чемпиони «Регар ТадАз» сафида уч нафар ўзбекистонлик футболчи бор. Булар ўтган мавсум «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилган ҳимоячи Жалил Кимсанов, Ўзбекистон ёшлар жамоаси собиқ ҳимоячиси Фаррух Нурлибоев ва «Динамо» клуби яримҳимоячиси Сардор Эминовдир.

Кимсанов аввалги мавсум Душанбенинг «Истиқлол» клуби сафида тўп сурган бўлса, сурхондарёлик Эминов уйи яна 6 йил ўтиб, Сариосиёга қўшни бўлгани учун Турсунзода клуби таклифини қабул қилган.

 ЦСКА: 1 нафар

Душанбенинг ЦСКА клуби сафида Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби собиқ футболчиси Нодирбек Ибрагимов тўп суриб келмоқда.

 «Кўктош»: 3 нафар

Ўз вақтида «Динамо» ва «Бухоро» клублари шарафини ҳимоя қилган Раҳматулло Фузайлов бош мураббийлигидаги «Кўктош» жамоаси сафида эса «Янгиер» клуби собиқ футболчиси Бунёд Шодиев, «Қизилқум» жамоаси собиқ аъзоси Муҳиддин Одилов ва бухоролик Аббос Икромов сингари футболчилар ўрин олишган.

 «Истаравшон»: 4 нафар

Ўратепанинг «Истаравшон» клуби сафида бухоролик уч нафар футболчи Шаҳзод Шамсиддинов, Тўлқинжон Умаров, Саиддостон Фозилов ва «Норин» клуби собиқ футболчиси Зуфаржон Акбаралиев тўп сурмоқда.

 «Файзқанд»: 5 нафар

Ўз вақтида «Андижон» клубининг етакчиларидан бири бўлган Тоҳиржон Мўминов мураббийлигидаги чемпионат дебютанти Восенинг «Файзқанд» клуби сафида энг кўп ўзбекистонлик футболчилар бор. «Динамо» жамоасининг 4 нафар собиқ ўйинчилари самарқандлик Жасур Ашуров, Жасур Қурбонов, Азиз Муродов, Азизжон Зарипов ва «Қўқон-1912» собиқ футболчиси Дилшод Баратовлар ҳам ушбу мавсумда легионерга айланиб, Тожикистон Олий лигасида фаолият бошлашди.

 Тожикистон клубларида футболчилар қанча маош олишади?

Ўзбекистонлик футболчиларнинг қўшни мамлакат клубларига йўл олаётгани табиийки молиявий ҳолат билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, «Истиқлол» ва «Хўжанд» клубларида маошлар нисбатан юқори.

Аммо Суперлига ва Про-лига клублари сафидан четда қолган аксарият футболчиларнинг Тожикистон Олий лигасига йўл олаётгани сабаби маошга бориб тақалади. Олган маълумотларимизга кўра, қўшни мамлакатнинг ўртамиёна клубларидаги легионерларнинг ойлик маоши 300-400 АҚШ доллари миқдорида бўлиб, ғалаба учун мукофот пули ҳам 2-3 минг сомони, яъни 200-300 АҚШ доллари атрофида баҳоланади.

 Анонс: Суперкубок бугун, чемпионат эртадан - ўйинлар жонли эфирда

Бугун, 4 апрель куни Тожикистон Суперкубоги учрашуви ўтказилади. Унда мамлакатнинг икки гранд клуби «Истиқлол» ва «Хўжанд» клублари тўқнаш келади. «Истиқлол» ОЧЛ саралаш босқичида Тошкентда «Локомотив»ни мағлуб эта олганди. Ўйин Душанбедаги «Марказий» стадионда томошабинларсиз ўтказилишига қарор қилинди. Шу куни хўжандликлар сафида ҳамюртларимиз майдонга тушиши кутилмоқда. Ўйин соат 17:00да бошланиб, сунъий йўлдош орқали Тожикистоннинг «Varzish Sport» ва «Futbol HD» очиқ телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилади.

 Шунингдек, 5 апрель кунидан Олий лига 1-тури доирасидаги барча учрашувлар ушбу телеканаллар орқали жонли эфирда кўрсатилади.

Демакки, Европа миллий биринчиликлари ва Суперлигамизда ўйинлар тўхтатилган бир пайтда зерикканда фақатгина Жасур Яхшибоев тўп сураётган Беларусь чемпионатини эмас, балки Тожикстон Олий лигасини ҳам кузатиб бориш учун сабаблар етарлича.

 Анонс. Тожикистон Суперкубоги.

4 апрель (шанба)

«Истиқлол» – «Хўжанд»

Душанбе, Марказий стадион.

Ўйин бошланиш вақти: 17:00.

ТВ-трансляция: «Varzish Sport» ва «Futbol HD»

 Анонс. Тожикстон Олий лигаси. 1-тур.

5 апрель (якшанба)

«Локомотив-Помир» – «Файзқанд»

«Хатлон» – «Истаравшан»

«Кўктош» – «Регар-ТадАЗ»

8 апрель (чоршанба)

«Душанбе-83» – «Истиқлол»

ЦСКА – «Хўжанд»

ТВ-трансляция: «Varzish Sport» ва «Futbol HD».

 Усмон Ибодов тайёрлади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top