15:09 / 04.04.2020
5952
Ўзбекистондаги хорижий талабалар республика таълим муассасалари ётоқхоналарида яшаб турибди — вазирлик

4 апрель куни, АОКА ҳузуридаги штабда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашев карантин даврида хорижий талабаларнинг билим олиши ва яшашига яратилган имкониятлар ҳақида гапирди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Қайд этилишича, республикадаги 37 та олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ётоқхоналарида айни пайтда жами 3147 нафар туркманистонлик талаба–ўқувчилар яшаб турибди. Жумладан, 20 та олий таълим муассасалари ётоқхоналарида 1934 нафар; 17 та коллежлар ётоқхоналарида 1213 нафар талаба яшамоқда.

«Термиздаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ҳам 172 нафар афғонистонлик талабалар таҳсил олади. Барча хорижлик талабалар сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан (СанПиН нормаларига мувофиқ) кунлик бепул асосда таъминланмоқда. Ётоқхоналарда тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган», -  дея маълумот берди Бабашев. 

Вазирлик ахборотига кўра, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ушбу талабалар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Улар ҳам масофавий таълим жараёнига жалб этилган, навбатчи тарбиячилар ҳамкорлигида мустақил машғулотлар ҳамда бадиий асарлар мутолааси билан машғул.

Top