21:10 / 05.04.2020
8531
Жанубий Суданда коронавирусдан илк касалланиш ҳолати қайд этилди

Африканинг Жанубий Судан давлатида коронавирусдан илк касалланиш ҳолати қайд этилди. Вирус Эфиопиядан келган 29 ёшли аёлда аниқланган.

Фото: Reuters

Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар берди. Мамлакат вице-президенти Риек Машарнинг маълум қилишича, бемор изоляцияга олинган.

Жанубий Судан “қора қитъа”даги 54 та давлатдан коронавирусга чалиниш ҳолати қайд қилинган 51-давлат бўлди. Мамлакат жойлашган Шарқий Африка минтақасида айни вақтда касалланганлар сони 707 нафарни ташкил қилмоқда, улардан 14 нафари вафот этган. Жанубий Судан билан чегарадош давлатлардан Кенияда коронавирусдан касалланганлар кўпчиликни ташкил қилмоқда – 126 нафар. Вирусга чалинган аёл келган Эфиопияда эса 38 нафар кишида коронавирус аниқланган.

Африкада коронавирус биринчи бўлиб 27 февралда Нигерияда аниқланганди. Айни вақтда қитъада касалланганлар умумий сони 8536 нафарни ташкил қилмоқда, улардан 360 нафари вафот этган.

AfricaNews портали маълумотларга кўра, коронавирус Африканинг учта давлати: Комор ороллари, Лесото ҳамда Сан-Томе ва Принсипида ҳозирча қайд қилинмаган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top