15:26 / 07.04.2020
81814
Навоийда эр ва хотин болалари билан карантин ҳудудидан қочиб кетди

Навоий вилоятида Тошкент шаҳридан келганидан кейин карантинга олинган оила аъзолари - эр, хотин ва уларнинг уч нафар фарзанди карантин ҳудудидан кетиб қолгани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вазирлик ушбу оила эндиликда қаерга жойлаштирилгани тўғрисида маълумот бермаган.

«6 апрель куни Навоий вилояти, Нурота туманида яшовчи Ш.С. (аёл), турмуш ўртоғи Б.Б. ва уч нафар фарзанди билан Тошкент шаҳридан қайтиб келганлиги сабабли, Нурота тумани Санитария эпидемиология-осойишталик маркази томонидан карантинга олинган бўлса-да, карантинга олинган хонадонидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетганлиги аниқланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган», – дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Қонунчиликка кўра, бундай қонунбузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг (223 000 сўм) йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

Вазирлик маълумотига кўра, 7 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами 32 649 та ҳолат аниқланди.

Қайд этилишича, энг кўп — 5 284 та қоидабузарлик Тошкент шаҳрида қайд этилган. Шу сабабли Тошкент маҳаллаларида карантин тартибини назорат қилувчи юзлаб постлар ташкил этилди. Тошкент вилоятида эса бундай ҳолатлар сони 3 910 тани ташкил этмоқда.

Республика бўйича аниқланган қоидабузарликлар эса қуйидагича:

  • Фарғона вилоятида — 4 088 та;
  • Самарқанд вилоятида — 3 194 та;
  • Қашқадарё вилоятида — 2 877 та;
  • Наманган вилоятида — 2 171 та;
  • Сирдарё вилоятида — 2 161 та;
  • Андижон вилоятида — 1 1781 та;
  • Жиззах вилоятида — 1 613 та;
  • Сурхондарё вилоятида — 1 533 та;
  • Хоразм вилоятида — 1 330 та;
  • Бухоро вилоятида — 1 320 та;
  • Навоий вилоятида — 345 та;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 1 042 та ҳолатни ташкил этмоқда.

«Карантин қоидалари ва санитария чекловларига риоя қилиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан ҳамон қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top