17:30 / 17.04.2020
78282
Коронавирус: Уҳанда қурбонлар сони аслида кўпроқлиги маълум бўлди, Дания одатий ҳаётга қайтди

Коронавирус тарқалиши бошланган Хитойнинг Уҳан шаҳри маъмурияти шаҳарда Covid-19 оқибатида ҳалок бўлганлар сонига аниқлик киритди. Янги маълумотларга кўра, эпидемия бошланганидан буён шаҳарда жами 3869 киши ҳалок бўлган ва бу аввалги маълумотлардагидан 1290тага кўп. Шунингдек, Уҳанда зарарланиш ҳолатлари бўйича статистикага ҳам 325та ҳолат кирмагани ва ҳақиқий сон 50333талиги маълум бўлди.

Фото: Getty Images

Ўз навбатида, Хитойнинг умумий кўрсаткичлари ҳам шунга яраша ўзгарди - 2019 йил декабридан буён мамлакатда вирусдан вафот этганлар сони 4632тага, зарарланиш ҳолатлари сони эса 82692тага етди.

Уҳань расмийлари бу қасддан фактларни яшириш бўлмаганини айтишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, қайта ҳисоблаш ишлари эпидемиянинг дастлабки босқичида тиббиёт муассасалари беморлар оқимини эплай олмай, тегишли идораларга ўз вақтида ҳисобот бера олмагани сабаб амалга оширилган. Хусусан, дастлабки статистикага коронавирус инфекцияси оқибатида шифохонага мурожаат қилмаган беморлар ва уй шароитида вафот этиш бўйича айрим ҳолатлар киритилмагани маълум бўлган.

Қайд этиш керакки, Хитойнинг Covid-19 бўйича статистикаси қатор давлатларда ишончсизлик уйғотди. Франция президенти Эммануэль Макрон ҳам Пекин томонидан тақдим этилаётган маълумотларга ишонмаслигини билдирган. 

Марказий разведка бошқармасининг бир гуруҳ ходимларига кўра, АҚШ разведкаси январь ойидаёқ президент Трампга Хитой инфекция тарқалиши билан боғлиқ маълумотларни яшираётгани тўғрисида ҳисобот берган, аммо Трамп бу маълумотга жиддий эътибор қаратмаган.

11 миллион киши яшайдиган Уҳан шаҳри январь ойи охирида карантинга ёпилиб, унга кириш ва чиқиш тўхтатилганди. 11 ҳафта давом этган қатъий карантиндан кейин март ойи охирида карантин чоралари юмшатила бошланди, апрель ойида эса карантин бекор қилинди ва шаҳар яна очилди.

Хитой миллий статистика бюроси маълумотига кўра, коронавирус ва карантин чоралари туфайли мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2020 йилнинг биринчи чорагида 6,8 фоизга тушиб кетди, бу 1976 йилдан буён кузатилган илк камайиш ҳисобланади. 

Европадаги вазият
Британияда карантин яна уч ҳафта давом этади, ташқи ишлар вазири, айни вақтда бош вазир Борис Жонсон бетоблиги туфайли унинг ўрнига ҳукуматни бошқариб турган Доминик Раабнинг маълум қилишича, карантин май ойи бошида яна узайтирилиши эҳтимоли юқори.

Шу кунларда Британияда карантин уч ҳафтага узайтирилди / AFP

Британияда касалланиш ҳолатлари сони 100 мингдан ошган, 13 729 киши вафот этган. Аслида қурбонлар ва беморлар сони кўпроқлиги айтилмоқда, статистикага фақат шифохоналарга мурожаат этганлар киритилган, кўплаб беморлар ўз уйида ёки кексалар уйларида ҳам вафот этмоқда.

Буюк Британия Ғазначилиги маълумотига кўра, мамлакатдаги йирик компаниялар учун ҳукуматнинг инқирозга қарши иқтисодий пакетига 330 млрд фунт қўшилган. Бунгача гап фақат кичик ва ўрта бизнесни қутқариш ҳақида кетаётганди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко пандемия - мамлакатдаги ҳаётни издан чиқариш учун сабаб эмас деб ҳисоблашда давом этмоқда. Минскда 9 май кунги байрамга тайёргарлик кўрилмоқда, ҳукумат 25 апрель куни умуммиллий шанбалик ўтказмоқчи. Россияда Ғалаба паради кейинроққа қолдирилган.

Беларусь мактабларида баҳорги таътил бир ҳафтага узайтирилганди ва уч ҳафта давом этганди, аммо жума куни Лукашенко душанба кунидан мактабларда ўқиш бошланиши учун фармойиш чиқарди.

Жума кунги маълумотларга кўра, мамлакатда 4779 кишида Covid-19 аниқланган, сўнгги бир кунда зарарланиш ҳолатлари 575тага ўсган, жами қурбонлар сони 42 нафар. Шунингдек, касалланиш ташхиси қўйилганларнинг 116 нафари болалар экани маълум.

Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан жума куни мамлакатда коронавирус эпидемияси назоратга олингани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, касалланиш ҳолатлари сони жиддий пасайишда давом этмоқда.

Германияда зарарланиш ҳолатлари сони сезиларли даражада камаймоқда / GETTY IMAGES

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, Германияда эпидемия бошланганидан буён 138 мингдан ортиқ кишида вирус қайд этилган, 3 868 киши вафот этган. Бу Европада ўлим даражаси бўйича нисбатан яхши натижа.

Халқаро экспертлар фикрича, Германиянинг эпидемия тарқалиши олдини олиш борасидаги муваффақиятлари ўз вақтида кенг кўламли тест ўтказилиши билан боғлиқ.

Германия ҳам карантин чораларини юмшатишни давом эттирмоқда. Кейинги ҳафтада мамлакатда катта бўлмаган дўконлар очилади, мактаблардаги машғулотлар эса май ойидан давом эттирилиши режалаштирилган.

Дания карантиндан чиқишда давом этмоқда. Ҳукуматнинг маълум қилишича, 20 апрель куни сартарошхоналар ва гўзаллик салонларида ишлайдиганлар ишга қайтиши мумкин, катта синф ўқувчилари ҳам мактабга қатнай бошлашади, қатор соҳалардаги кичик ва ўрта бизнес вакиллари фаолиятини тиклашади.

Бир неча кун аввал мамлакатда 11 ёшгача бўлган бошланғич синфлар ўқувчилари мактабларга қайтишганди. Шунингдек, ҳафта бошида кўплаб дўконлар ҳам иш бошлаган.

Карантиндан қайтган даниялик ўқувчилар / REUTERS

Ресторанлар, барлар ва спортзаллари ёпиқлигича қолади. Оммавий тадбирлар учун тақиқ амалда. Дания чегаралари ҳам ёпиқ.

Эпидемия бошланганидан буён мамлакатда 7 мингдан ортиқ киши вирусдан зарарланган, 321 киши вафот этган.

Дунёда яна нима гаплар?

Эквадордан бир-бирига зид хабарлар келмоқда. Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 403 киши коронавирус қурбонига айланган, аммо Гуаяс провинцияси ҳукумати апрель бошидан буён бу ерда 6 700 киши ҳалок бўлганини билдирган.

Эквадорда картон тобутлар тарқатилмоқда, дафн маросимлари хизматлари мамлакатда вафот этганлар сони бу қадар кўп бўлишига тайёр эмасди
GETTY IMAGES

Бу ҳудудда вафот этганлар сони Covid-19’дан вафот этгани тасдиқланмаган, аммо провинция ҳукумати маълум қилишича, бу ҳудуддаги ўлимлар статистикасида икки ҳафтада вафот этганлар сони ҳеч қачон 1000дан ошмаган.

Гуаяс провинцияси маркази Гуаякиль шаҳри Эквадордаги энг йирик шаҳарлардан бири ҳисобланади. Тасдиқланган маълумотларга кўра, шаҳар аҳолиси ўз қариндошларининг жасадларини бир неча кун мобайнида уйда сақлашга мажбур бўлмоқда, махсус хизматлар вафот этганларни олиб кетишга улгурмаяпти.

Туркияда сўнгги бир кунда касалланиш ҳолатлари сони қарийб 5 мингга ошди ва эндиликда мамлакатда қайд этилган зарарланиш ҳолатлари сони 70 мингдан ошган. 1643 киши вафот этган.

Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжа статистикадаги кескин ўсишни тасдиқлаган. Бу Туркияда оммавий равишда тест қилиш бошлангани билан изоҳланмоқда. Дам олиш кунларида Туркиядаги йирик шаҳарларда тўлиқ карантин амал қилади, одамлар уйларидан чиқиши тақиқланади.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп ўз турмуш ўртоғи ва уч қизи билан Вашингтондан отасининг Нью-Жерсидаги гольф клубига бориш учун карантин қоидаларини бузгани туфайли кескин танқидларга учради.

GETTY IMAGES

Америкаликлар президентнинг қизи қандай асосга кўра федерал ҳукуматнинг уйда қолиш тўғрисидаги фармойишини бузганини сўрашмоқда.

Оқ уйдагилар Иванкани ҳимоя қилиб чиқишди ва унинг бу сафари мамлакатдаги бошқа фуқароларнинг иш туфайли бир ҳудуддан бошқасига боришидан фарқ қилмаслиги, у шунчаки байрам кунларини одам кўп бўлган Вашингтондан узоқроқда, барчадан иҳоталанган ҳолда ўтказмоқчи бўлгани билдирилди.

АҚШда айни вақтга келиб вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 678 мингдан ошган, 34 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Покистонда оммавий тадбирларга тақиқларга қарамасдан кўплаб масжидларда жума намозлари ўқилди. Покистонлик уламоларнинг фикрича, хизматчилар зарурий профилактик чораларни кўрган бўлса, масжидлар карантиндан холи бўлиши керак.

Танзания президенти Жон Магуфули мамлакат фуқароларини келаётган дам олиш кунларида биргаликда ибодат қилишга чақирди. Мамлакатда эпидемияга қарши чоралар доирасида мактаблар, коллежлар ва қатор компаниялар ёпилган, аммо жамоат бўлиб ибодат қилишга чеклов ўрнатилмаган.

Айни вақтга келиб Танзанияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 94та, 4 киши вафот этган. Аммо Африкада вазият кескин ёмонлашиши кутилмоқда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу қитъа пандемиянинг навбатдаги ўчоғига айланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Ҳозирча Африкада жами 18 мингдан ортиқ зарарланиш ҳолатлари ва мингдан ортиқ ўлим қайд этилган. Аммо ЖССТ вакили BBC учун берган интервьюсида Африкада коронавирус йирик шаҳарлардан ташқарида ҳам тарқала бошлаганига эътибор қаратган.

Қитъадаги кўплаб мамлакатлар учун транзит вазифасини бажарувчи Танзания жиддий эпидемия билан тўқнаш хавфи мавжуд.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top