18:31 / 23.04.2020
7633
Зафар Ҳошимов «Саховат ва кўмак» ҳаракати йўлга қўйилаётганига муносабат билдирди

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида сўз олган тадбиркор Зафар Ҳошимов президент илгари сурган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ҳақида тўхталиб ўтди.

Фото: ХПК

«Мана ҳозир саховатпеша, савобга ўч халқимиз ҳақида гапирилди. Бизнинг тадбиркорлар – халқдан, жамиятдан алоҳида турадиган тоифа эмас. Биз шу халқнинг жонидан жон, қонидан қонмиз, биргамиз. Қирқ кундан бери карантин шароитларида фаолият кўрсатиб боряпмиз. Кўп тадбиркорларнинг саховатпешалиги айтилмаса ҳам саховат қилиб юрганида ҳам ўз ифодасини топган.

«Саховат ва кўмак» ҳаракати ҳақида гапирадиган бўлсак, мен учун у катта белги, рамзий маънога эга. Сўнгги уч йилда бўлган ишлар ҳақида гап борди. Мен 1991 йилдан, мустақиллик бошидан бошлаб тадбиркорлик қиламан. Бунга тадбиркорларга берилган катта ишонч сифатида ҳам қараш керак. Берган ёрдамларингизнинг ўрни қопланади, дейилди. Бу кафолатлардан кўринадики, бу бизга ниманидир қилдириш, бизни мажбурлаш эмас. Бизнинг тадбиркор сифатидаги ташаббускорлигимиз, мослашувчанлигимизни ҳисобга олиб, ишонч билдирилмоқда», – деди Зафар Ҳошимов.

Тадбиркор сўнгги 3 йилда яратилган шароитлар натижасида корхонаси тўрт баравар кенгайгани айтиб, карантин эълон қилинган вақтдан буён 520та янги иш ўрни очилганини таъкидлаб ўтди.

«Яна бир нарсани айтмоқчиман. Давлат ишонч билдираётгани, бу катта савоб эканидан ташқари, бунда бизнес маъно ҳам бор. Чунки одамларимиз шу шароитдан қанчалик бутун чиқса, улар – эртага бизнинг истеъмолчиларимиз. Айтайлик, биз ниманидир сақлаб қоламиз десаг-у, эртага мижозларда пул бўлмаса, улар товар ва хизматларимизни сотиб ола олишмайди», деди Зафар Ҳошимов.

Top