23:33 / 30.04.2020
4904
Оилавий пудрат асосида пилла етиштириш тартиби белгиланди (батафсил)

Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан, «Тутзорларни оилавий пудрат асосида аҳолига ажратиб бериш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Фото: Advantour

Низом талаблари «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси ҳудудий «Агропилла» МЧЖга тегишли тутзорларга нисбатан татбиқ этилади.

«Агропилла» МЧЖ томонидан тутзорларни оилавий пудрат асосида аҳолига (оилага) ажратиш бўйича танлов ўтказилиши ҳақида мавсум бошланишидан камида 1 ой олдин маҳаллий ОАВда эълон берилади.

Тутзорларни оилавий пудрат асосида аҳолига (оилага) ажратиб бериш мақсадида «Агропилла» МЧЖ раҳбарининг қарори билан Тутзорларни оилавий пудрат асосида аҳолига ажратиб бериш бўйича танлов комиссияси ташкил этилади.

Оила бошлиғи ёки оиланинг вояга етган бошқа аъзоси (талабгор) оилавий пудрат асосида тутзорларни ажратиб бериш ҳақида танлов эълон қилингандан кейин бир ой ичида Комиссияга ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Аризада: талабгорнинг меҳнатга лаёқатли доимий иш жойига эга бўлмаган оила аъзолари сони, тутзорларга ишлов бериш ва тут ипак қуртини парваришлаш учун зарур билим ва тажрибаси ҳамда талабгорда тут ипак қуртини парваришлаш учун зарур бино ва иншоотлар ҳамда шарт-шароитлар мавжудлиги ҳақида маълумотлар кўрсатилади.

Аризалар Комиссия томонидан 7 кун ичида кўриб чиқилади, бунда Комиссия зарур ҳолларда аризада кўрсатилган маълумотларни манзил бўйича жойига бориб ўрганиши мумкин.

Талабгор қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

  • оиланинг меҳнатга лаёқатли доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларининг мавжудлиги ва уларнинг сони;
  • оила аъзоларининг тутзорларга ишлов бериш ва тут ипак қуртини парваришлаш учун зарур билим ва тажрибага эгалиги;
  • тут ипак қуртини парваришлаш учун зарур бино ва иншоотлар ҳамда шарт-шароитлар мавжудлиги.

Комиссия юқорида келтирилган мезонларга асосан талабгорга тутзорларни оилавий пудрат асосида ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса қилади ва «Агропилла» МЧЖ раҳбарига тақдим этади.

«Агропилла» МЧЖ раҳбари Комиссия хулосасига мувофиқ тутзорларни оилавий пудрат асосида ажратиб бериш тўғрисида 3 кунлик муддатда қарор қабул қилади ва талабгорга бу ҳақда ёзма ёки электрон тарзда хабар беради.

«Агропилла» МЧЖ раҳбарининг қарорида оилавий пудрат асосида талабгорларга ажратиладиган тутзорларнинг ўлчами, уларнинг жойлашган манзили, талабгорнинг талаби қондирилмаган тақдирда эса унинг асосланган сабаби кўрсатилади.

Тутзорларни ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг «Агропилла» МЧЖ раҳбари ва талабгор ўртасида тутзорларни ипак қурти боқиш ва пилла маҳсулоти етиштириш учун оилавий пудрат асосида ажратиб бериш бўйича 5 йил муддатга шартнома (пудрат шартномаси) тузилади.

Оилавий пудрат шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

  • шартнома тузилган сана ва жой;
  • шартнома предмети;
  • томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • тутзорлардан фойдаланиш шартлари, томонларнинг алмашлаб экиш схемасига мувофиқ тут дарахтларининг барг ҳосилдорлиги, ерни мелиоратив ҳолати, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар;
  • етиштириладиган тирик пилла маҳсулотининг миқдори ва сифати;
  • етиштирилган пилла маҳсулотининг баҳоси, унга ҳақ тўлаш ва уни сотиш шартлари;
  • тутзорларни суғориш учун сув ва моддий-техника ресурслари билан оилавий пудратчини таъминлаш;
  • томонларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлиги ва уларнинг келишувига кўра бошқа шартлар.

Шартнома 2 нусхада тузилади ва имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Шартноманинг бир нусхаси «Агропилла» МЧЖда, иккинчи нусхаси танлов натижасида ғолиб деб топилган талабгор (оилавий пудратчи)да сақланади.

Тутзорларни оилавий пудратчига топширишда далолатнома расмийлаштирилади.

Далолатнома тутзорларнинг ўлчами, уларнинг жойлашган манзили, ҳолати ва тутзорлардаги мавжуд кўп йиллик дарахтлар сони кўрсатилган ҳолда икки нусхада тузилади ҳамда «Агропилла» МЧЖ вакили ва оилавий пудратчи томонидан имзоланади. Далолатноманинг битта нусхаси «Агропилла» МЧЖда, иккинчи нусхаси оилавий пудратчида сақланади.

Оилавий пудратчиларга берилган тутзорларда «Агропилла» МЧЖ раҳбарининг ёзма розилиги билан вақтинчалик қурилма ва бошқа иншоотлар қурилиши мумкин.

Оилавий пудратчи тутзорлардан тут барги етиштириш ва тут ипак қурти парваришлаш мақсадида фойдаланилганда:

  • тутзорларни орасига тут кўчатларини экиш мумкин, бунда уларнинг 95 фоизидан ортиқ кўкарувчанлигини таъминлайди ва асраб қолиш чораларини кўради;
  • тутзорларнинг тут барги ҳосилдорлигини ошириш мақсадида ўз вақтида баҳорги, ёзги ва кузги агротехник ишловлар бериш (ўғитлаш, тагини юмшатиш, қатор ораларини ҳайдаш ва қондириб суғориш) ишларини ташкил қилади;
  • тутзорлар ер майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва тутзорларнинг барг ҳосилдорлигини кўпайтириш чораларини кўради;
  • тутзорларни асраш ҳамда уларнинг пайхон қилиниши ва ноқонуний кесиб кетилишининг олдини олиш чораларини кўради;
  • тутзорлардан олинган тут баргидан пилла етиштириш учун фойдаланади, бунда тут ипак қурти парваришлаш ҳажми тут баргининг миқдорига қараб белгиланади;
  • етиштирилган тирик пиллани шартнома асосида тўлиқ пиллани қайта ишлаш корхонасига топширади.

Оилавий пудратчилар тутзорлардаги тутлар оралиқларидан уларнинг тут барги ҳосилдорлигини камайтирмаган ҳолда мустақил равишда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экишда фойдаланиши мумкин.

Бунда, оилавий пудратчи томонидан етиштирилган пилла ҳосилини сотишдан ташқари тутзорлар орасига қўшимча экинлар экиш орқали олинадиган даромадлар оилавий пудратчининг ўзида қолади.

 «Агропилла» МЧЖ пиллани қайта ишлаш корхоналари томонидан оилавий пудратчиларга тутзорларни янгилаш учун тут кўчатлари, шунингдек пилла мавсумларида ипак қурти уруғи ҳамда томонлар келишувига кўра бўнак (аванс) маблағлари берилишини таъминлайди. Бунда оилавий пудратчиларга тутзорларни янгилаш учун тут кўчатлари ва пилла мавсумларида ипак қурти уруғи бепул етказиб берилади.

Туман «Агропилла» МЧЖ тавсиясига асосан туман «Агрокимёҳимоя» ҳудудий АЖларнинг туман бўлинмалари тут дарахтларининг ўта хавфли зараркунандаси (тут парвонаси)га ва касалликларига қарши курашиш тадбирларини амалга оширади.

Туман «Агропилла» МЧЖ пиллани қайта ишлаш корхоналари билан биргаликда оилавий пудрат асосида ажратилган тутзорлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни мониторинг қилади.

Хатлов натижалари бўйича тут дарахтларининг камайиши, ҳосилдорликни пасайиши ва пайҳон қилиниши аниқланган ҳолатларда оилавий пудрат шартномасига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Шартнома шартларини бажариш, ўзгартириш ёки бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар шартномага мувофиқ ҳал қилинади.

Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда, низолар суд тартибида ҳал этилади.

Top